Тошкент вилояти, Қуйичирчиқ тумани, М.Отажонов фуқаролар йиғинида яшовчилар томонидан ҳудуддаги одамлар истеъмол қилаётган сув соғлиқ учун зарарли экани, 2006 йил тоза ичимлик суви қувурлари олиб ташлангани сабабли 13 йилдан буён аҳоли қўлбола қудуқлардан фойдаланиб, тозаланмаган сув истеъмол қилаётгани, натижада аҳоли орасида ўт пуфаги ва бошқа ички аъзолар хасталиклари кўпайгани, болалар ва кексалар йиллар бўйи турли инфекцион касалликлардан азият чекишаётгани бизга маълум қилинди. Муаммони чуқурроқ ўрганиш мақсадида ҳудудга бордик. Илк ишимиз қишлоқ оилавий поликлиникаси шифокори билан суҳбатлашиш бўлди.

— Чиндан ҳам, М.Отажонов массивидаги ичимлик суви инсон соғлиги учун зарарли. Ҳудуд ер ости сувлари жуда юза жойлашган бўлиб, икки метрга етар етмас чуқур қазисангиз, сув кўринади. Ҳатто ҳожатхона ва “качалка” (ичимлик суви олинадиган қўлбола сув чиқаргич) жуда яқин масофада қурилган ҳолатлар ҳам бор. Ҳовлилардаги ерни ковлаб қурилган оддий ҳожатхоналарнинг чуқурида ҳам ифлосланган сув кўриниб туради. Мана шундай зарарли ва оқава сувлар қўшилиб кетгани учун бу ҳудуддаги қудуқлардан сув ичиш мумкин эмас, — дейди қишлоқ поликлиникаси умумий амалиёт шифокори Камуна Султоновна.

Суҳбат жараёнида шифокор ўзи шу ҳудудда яшаса-да, бу ернинг сувидан истеъмол қилмаслиги, Оққўрғон туманидаги тоза ичимлик сувидан олиб келиб фойдаланишини ҳам айтиб ўтди. Шифокор бу сувдан ичмас экан, унда нега оддий аҳоли кўра-била туриб зарарли сувни ичишаяпти?!

— Лекин поликлиникада сув бор. Бу ҳақда танқид ёзманглар яна, — деб қўшимча қилди шифокор.

Қизиқ, поликлиникада сув муаммоси бўлмаса, унда унинг ҳовлисида қўлбола сув чиқаргич (качалка) нима қилиб турибди?!

Тўғриси, биз бу шифокор опамизнинг хижолати сабабини “жуда яхши” тушундик. Шу боис гапимиз аввалида “Нега журналистга муаммоларни айтдинг?”, дея қош-қовоғини уювчи амалдорларга айтиб қўяйлик: Биз бу муаммоларни бировдан эшитмадик. Бордик, кўрдик, гувоҳ бўлдик ва ёздик. Ҳар қанча гапингиз бўлса, бизга айтинг. Биз билан суҳбатда бўлган шифокор ва ҳамширалар, оддий одамларни қистовга ола кўрманг. Сабаби биз ҳали воқеалар ривожини кузатамиз ва, зарурат бўлса, ёзишда давом этамиз.

Поликлиника муаммолари ҳақида бошқа сафар тўхталишни мақсад қилдику, фақатгина сув билан боғлиқ ўз кўзимиз билан кўриб, суратга туширган ҳолатдан кўз юмиб ўтолмадик.