Жаҳон | 10:12 / 02.06.2018
13632
2 дақиқада ўқилади

АҚШ ва КХДР Ким Чен Иннинг меҳмонхона харажатларини қайси томон тўлаб беришини ҳал қилолмаяпти

Фото: AP

Шимолий Корея ва АҚШ ўртасидаги саммитга тайёргарлик кўриш давомида моддий таъминот билан боғлиқ муаммо юзага келди. Гап шундаки, томонлар Шимолий Корея етакчиси Ким Чен Ин ва Шимолий Корея делегациясининг меҳмонхонада тўхташи учун қайси томон пул тўлашини ҳал қилолмаяптилар. Бу ҳақда Washington Post нашри маълум қилди. 

Ким Чен Ин тўхташи режалаштирилаётган Сингапурдаги Fullerton меҳмонхонасидаги президент люкси бир кеча учун 6 минг доллар туради. Бундан ташқари, шимолий кореяликларга Сингапурга етиб олиш учун бошқа давлат самолёти керак бўлиши мумкин.  

Шимолий Корея вакиллари харажатларни ўз зиммасига бошқа томон олишини исташмоқда. АҚШ томони бунга рози, бироқ Шимолий Корея буни ҳақоратдек қабул қилиши мумкинлигидан хавотир билдирмоқда. Шу сабабли АҚШ Шимолий Корея делегацияси харажатларини Сингапур тўлаб бериши бўйича музокаралар олиб бормоқда.

Нашрнинг таъкидлашича, бундай ҳолатларга аввал ҳам дуч келинган. Мисол учун, Пёнгчангдаги Олимпиадада Шимолий Корея делегациясининг 2,6 млн долларлик харажатларини тўлашни Сеул ўз зиммасига олган.

Мавзуга оид