Visual Capitalist тайёрлаган инфографикада давлатлар тўрт мезон — амалда хизмат қилаётган ҳарбийлар, танклар, ҳарбий учиш аппаратлари ва кемалар сони бўйича таққосланган. Ҳар бир кўрсаткичда етакчи ўринлар турли давлатларга тегишли.

Аскарлар сони: Шимолий Корея АҚШга яқин

Global Firepower баҳосига кўра, Хитой 2,04 миллион нафар ҳарбий хизматчи билан дунёда биринчи ўринда туради.

Эътиборли таққослашлардан бири АҚШ ва Шимолий Кореяга тегишли: Америка қуролли кучларида 1,33 миллион, КХДРда эса 1,32 миллион киши хизмат қилади.

Шимолий Кореянинг катта армияси, аввало, Корея яриморолида эҳтимолий қуруқлик урушига тайёргарлик билан боғлиқ. Япониянинг 2026 йилги мудофаа «Оқ китоби»да КХДР қуролли кучларида қуруқлик қўшинлари муҳим ўрин тутиши, уларнинг катта қисми Жанубий Корея билан чегарадаги демилитаризация қилинган ҳудуд яқинида жойлашгани қайд этилган.

Танклар сони уларнинг сифатини кўрсатмайди

Танклар сони бўйича ҳам Хитой биринчи ўринни эгаллаган. Шимолий Корея эса АҚШни ортда қолдириб, учинчи поғонага жойлашган.

Британиянинг Қироллик бирлашган мудофаа тадқиқотлари институти — RUSI маълумотига кўра, КХДР замонавийроқ техника билан бир қаторда, 1950–1960-йиллардаги совет ишланмалари асосида яратилган танклардан ҳам фойдаланишда давом этмоқда.

Эски машиналарни сафда сақлаш танклар сонини юқори даражада ушлаб туришга ёрдам беради. Бироқ бундай ҳисоб-китобда зирҳ, нишонни аниқлаш воситалари ва қуролланишдаги фарқлар акс этмайди. Жанг майдонида эса айнан шу хусусиятлар ҳал қилувчи аҳамият касб этиши мумкин.

АҚШнинг авиациядаги устунлиги қаердан келади?

АҚШ ҳарбий авиациясида жами 13 032 та учиш аппарати бор. Бу рейтингда ундан кейинги тўрт давлатнинг жами кўрсаткичидан ҳам кўп.

Бундай катта фарқ фақат жанговар самолётлар ҳисобига шаклланмаган. АҚШнинг дунёнинг турли нуқталаридаги ҳарбий амалиётлари қўшинлар ва юкларни океанлар орқали ташиш, шунингдек, авиацияни базалардан узоқда таъминлашни талаб қилади. Бунинг учун кўплаб транспорт ва ҳавода ёнилғи қуйиш самолётлари зарур.

Фақат қирувчи ва тутувчи самолётлар таққосланса, фарқ анча қисқаради: АҚШда бундай самолётлар 1791 та, Хитойда эса 1443 та. Яъни Америка устунлиги тахминан 24 фоизни ташкил этади.