Лукашенко огоҳлантириш билан чиқди
Беларусь президенти Александр Лукашенко жаҳонда сақланиб қолаётган хавотирли ва олдиндан тахмин қилиш қийин бўлган вазият фонида мамлакат чегаралари яқинида кучлар тўқнашуви юз бериши мумкин эканидан огоҳлантирди.
«Бугун дунёда ҳамон хавотирли ва олдиндан тахмин қилиш мушкул бўлган вазият сақланмоқда, кураш деярли барча қитъаларда юз беряпти. Кучлар тўқнашуви кескинлашмоқда, жумладан, Беларусь чегаралари яқинида ҳам», - деди Лукашенко.
Унинг таъкидлашича, жаҳондаги ташвишли вазият, шунингдек, террорчилик таҳдидлари «чегараолди органлари жанговар тайёргарлигининг юқори даражасини мунтазам ушлаб туришга» мажбур қилмоқда.
«Бугун беларуслик чегарачилар нафақат ўз давлати миллий манфаатлари йўлида, балки минтақавий, шунингдек, халқаро хавфсизликни ҳимоя қилиш мақсадида шай ҳолатда тургани муҳим нарса», - дея қўшимча қилиб ўтган у.
Бундан ташқари, унинг кўрсатишича, Беларусь «трансчегаравий жиноятчилик ҳақида огоҳлантириш ва уни бартараф этишда кўплаб давлатларнинг ишончли ҳамкори саналади». Қайд этилишича, мамлакат ҳарбий хизматчилари Евроиттифоқ давлатларига ноқонуний мигрантлар оқимини пасайтиришга муваффақ бўлган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Лукашенко «совуқ уруш» қайтганини маълум қилганди.