Бундан  сал кам 70 йил аввал Ўзбекистон қумликлари ўрнида янгидан янги посёлкалар, қишлоқлар, аҳоли учун зарур уй-жой массивлари қуриш, одамларни иш билан таъминлаш, яшаш учун шароит яратиш мақсадида чўлу биёбонлар ўзлаштирилди. Минг машаққатлар билан сув келтирилди. Бинолар қурилди, замонавий иншоотлар, биринчи галда, ижтимоий-маданий, маиший объектлар тез фурсатда барпо этилди. Жиззах вилоятининг Мирзачўл туманида ҳам бу каби кенг кўламли ишлар олиб борилиб нафақат республикамиздан балки қўшни қардош давлатлардан ҳам биродарларимиз ёрдамга келишди. Кейинчалик бу гўзал гўшаларда муқим яшаб қолишди. Кўп миллатли Мирзачўл тумани аҳли йиллар давомида оға-ини, қуда-анда, қариндош-уруғ бўлиб истиқомат қилиб келишади.

Бироқ ўтаётган йиллар ўз таъсирини ҳудудга кўрсатмай қолмади. Чунки қурилган иншоотлар, бинолар 70 йил давомида эскириб нураб борди. Ачинарлиси, ўша даврда қурувчи ва ишчилар учун вақтинча қуриб берилган барак уйлар янгиланмай қолди. Оддий ёғочлардан бир-бирига қалаштириб қурилган, пойдевори ҳам бир неча йилларгагина мўлжалланган уй одамларга доимий бошпана вазифасини ўтади. 80-йиллар охирида уйлар аста-секин нурай бошлади. Юқорига қилинган мурожаат фақат “кутиб туринглар”, деган жавоб билан якунланаверди.

 

Шукурки, туман аҳлининг кўксидаги оғриқ барҳам топди. Юртбошимизнинг 2018 йил март ойида қишлоқ аҳоли пунктларининг меъморий қиёфасини тубдан янгилаш, ҳудудларни комплекс ривожлантириш, йўл-транспорт инфратузилмаси, муҳандислик-коммуникация тармоқлари ва ижтимоий соҳа объектларини барпо этиш ҳамда шу асосда аҳолининг турмуш маданиятини юксалтириш мақсадида “Обод қишлоқ” дастури тўғрисидаги фармони ва қарорининг қабул қилиниши Мирзачўл туманида узоқ йиллардан бери тўпланиб қолган муаммоларга ечим топди. Қарорга кўра, биринчи галда, Махсус комиссия тузилди. Ушбу таркибга 30га яқин ташкилотдан киритилган мансабдор шахслар, секторлар раҳбарлари, жамоатчилик вакилларидан иборат комиссия аъзолари мавжуд ҳолатни тўла ва атрофлича ўрганган ҳолда вазиятни тубдан яхшилаш мақсадида маҳаллий йўл харитаси тузилди ва вазифалар белгиланди.