Жаҳон | 01:17 / 03.06.2018
141615
3 дақиқада ўқилади

«Бир пиёла сув билан рўза тутаяпман...»

Суриянинг Идлиб шаҳрида жойлашган қочқинлар лагерида истиқомат қилаётган беш боланинг онаси Фадия Ҳанзал «Рамазон ойи бошланганидан буён бир пиёла сув билан рўза тутиб келмоқдаман», деди. Бу ҳақда “Анадўлу” агентлиги хабар бермоқда.Суриянинг Идлиб шаҳрида жойлашган қочқинлар лагерида беш боласи билан истиқомат қилаётган Фадия Ҳанзал Рамазон ойини емаксиз ўтказмоқда. Ҳайит яқинлашар экан, ўз болаларига байрамга янги кийим-кечак харид қилишга ҳам имконияти йўқ она тинчлик режимининг тезроқ қайтишини дуо қилиб сўрамоқда.

Фото: aa.com.tr

Суриядаги фуқаролик уруши туфайли Рамазон ойида ҳам мамлакатнинг турли бурчакларида миллионлаб инсонлар устига бомба ёғдирилмоқда.

Бу йил Рамазонни ўтказиш энг қийин бўлган жойлардан бири қочқинлар лагери бўлиб турибди.

Башар Асад режимининг зарбаларига дучор бўлаётган, ўз яшаш жойларидан кўра бир қадар хавфсизроқ бўлган лагерларга кўчган ўн минглаб оилалар Рамазон ойида ёрдам кутишмоқда.

Идлибдаги «Шуҳадо» (шаҳидлар) лагерида яшаётган Фадия Ҳанзал “Анадўлу” агентлиги мухбирига Рамазон ойи кириб келганидан буён рўза тутаётганини маълум қилган.

Фото: aa.com.tr

Ҳама вилоятидан кўчишга мажбур бўлган Ҳанзал Суриянинг Туркия билан чегарадош ҳудудидаги қочқинлар лагерида беш боласи билан ҳеч қандай даромадларсиз ўз ҳаётини давом эттирмоқда.

Ҳанзал ўзининг молиявий аҳволи ўта танг эканлигини баён этиб, шундай деди: «Ошхонада ейишга ҳеч вақо йўқ, болаларимнинг хоҳиши мени эзади, уларнинг истагини қондира олмаяпман. Болаларим Рамазон ойи бошлангач мевалар, гўштли маҳсулотлар ейишни исташди, лекин менинг олиб беришга қурбим йўқ».

Асад режими шифохоналаридан бирида тутқунда бўлган 32 ёшли Ҳанзал шундай дейди: «Режим аскарлари эрим, қайнотам ва укамни 2014 йилда ҳибсга олган. Асад режими тарафдорлари оиламизга босим ва таҳдидни бошлаб юборишди. Мен энг кичик қизимга ҳомиладорлик чоғимдан бошлаб бошқа болаларим билан лагерма-лагерь кўчиб юришга мажбур бўлдим».

Ҳанзал яна шундай дейди: «Ҳайит яқинлашмоқда. Болаларим ҳам байрам яқинлашаётганини билишади. Улар янги кийим-кечак исташади, лекин мен олиб бера олмайман. Менда бор йўғи 500 сурия лираси (5 турк лираси) маблағ қолган. Болаларим ўтган йилдан буён янги либос кийишмаган».

«Лагерда нишонлайдиган илк байрамимизда болаларимни ўз оталарини сўрашаётгани ҳаётимдаги энг қийин лаҳзалардан бири бўляпти. Мен улардан тутқунликдаги отаси ҳақига дуо қилишларини истайман. Аллоҳдан фарзандларимнинг отасини соғ-саломат қайтариб беришини илтижо қиламан», - деди Фадия Ҳанзал.

Мавзуга оид