Кишиларнинг мароқли ҳордиқ чиқариб, кайфиятини кўтаришда маданият ва истироҳат боғлари муҳим ўрин тутади. Айниқса, дам олиш кунлари болажонлар бундай масканларга олиб боришингизни сўраб, хархаша қилишлари табиий ҳол. Уларни табиат бағрига олиб чиқиш, аттракционларда учишидан завқ олиш катталарнинг ҳам кайфиятига ижобий таъсир кўрсатади, деб ёзади ИИВнинг "Постда" газетаси.

— Мана, ўқув йили ҳам якунланди, — дейди пойтахтимизнинг Яккасарой туманида яшовчи Мадина Файзуллаева. — Фарзандларимга ҳамма фанлардан аъло баҳо олса, ёзги таътилда дам олиш маскани, ҳайвонот боғи ва музейларга олиб боришни ваъда қилгандим. Тасодифан йўлим тушиб, «Дўстлик боғи»ни бир кўриб кетай-чи, дедим. Сигарет чекаётган ўсмирлар, бурчак-бурчакларда бир-бирининг пинжига тиқилиб олган йигит-қизлар, айниқса, боғнинг хароба аҳволдалиги ҳафсаламни пир қилди…

Мадина опанинг куюнганича бор: тўғри, пойтахтимизда бошқа кўплаб дам олиш масканлари фаолият кўрсатяпти, одамларда эса танлаш имконияти мавжуд. Аммо ушбу ҳудудда яшовчи оилалар болаларини бошқа жойларга олиб боришдан кўра, шу ер яқинлиги инобатга олинадиган бўлса, фуқаронинг ҳақли талабини ким ҳам қўллаб-қувватламайди, дейсиз.

— Анча олдин келганимда бу ер одамлар билан гавжум эди, — дейди ўзини Маъмура Одилова деб таништирган сирдарёлик онахон. — Қизим шу ерга яқин жойда яшагани учун неварамни сайрга олиб чиққан эдим. Кўплаб аттракционлар ишламаса-да, номларининг хато ёзилганини кўриб, неварам уларни санаб чиқяпти. У ҳали 5 ёшда. Неварамнинг «Бувижон, сувнинг ранги нега бунақа?» деган саволига, очиғи, қандай жавоб беришни билмай қолдим. Болалар ўйинқароқ бўлади. Сувда қўл ювиши ёки бир-бирига сув сепиб ўйнаши мумкин-ку. Лекин бу ердаги сунъий кўлнинг ифлосланган сувига қараб, ҳар қандай ота-она фарзандини бу жойга яқин йўлатмаслиги тайин.

 

Минг афсуски, боғнинг бугунги аҳволини кўриб, юқоридаги фикрларда жон борлигига иқрор бўласиз. Санитария талабларига умуман жавоб бермайдиган сув ҳавзаси, сунъий кўл четидаги эски қайиқчалар, баклажка ва бошқа турли чиқиндиларнинг сув юзасида қалқиб юриши кўнглингизни хира қилади. Номига ишлайдиган уч-тўрт аттракционнинг ҳам замон талабига жавоб бермаслигини кўриб, маданият ва истироҳат боғи фаолият кўрсатяптими ўзи, деб ўйлаб қоласан. Нега бу боғ бунчалик хароба аҳволга тушиб қолди? Наҳотки, бу жой маданий ҳордиқ чиқариш, кичкинтойларга қувонч улашиш ўрнига ҳали оқ-қорани танимаган ёшларга хуфёна учрашадиган маконга айланиб қолган бўлса, деган оғриқли саволлар кўнгилдан ўтади.