Пойтахт Экология ва иқлим ўзгариши бош бошқармаси ходимлари Шота Руставели кўчасида қурилиш ишлари давомида оқова сув қувурига шикаст етказилгани ҳамда оқова сувнинг Салор каналига сизиб чиқаётгани ҳақида ижтимоий тармоқларда тарқалган мурожаатни ўрганди.
Ўрганиш давомида Яккасарой тумани Шота Руставели кўчасида «Б.Б.» МЧЖ томонидан кўпқаватли турар жой биносини қуриш давомида шаҳар оқова сув тармоғига тегишли қувурга шикаст етказилганлиги, натижада қувурнинг маълум қисми ўпирилиб тушганлиги аниқланди.
Тўпланиб қолган суюқ чиқиндилар эса туман ҳудудидан оқиб ўтувчи Салор каналига ҳеч қандай тозалаш ишларини олиб бормасдан, махсус насослар ёрдамида тўғридан-тўғри ташланган.
Тошкент шаҳар Экология бош бошқармасининг таҳлилий лаборатория бўлими томонидан чиқиндилардан олинган намуналарда нефт маҳсулоти қолдиқлари белгиланган меъёрдан 5,02 марта, азот аммоний 43,5 марта, ХПК 4,9 марта, муаллақ моддалар эса 13,6 марта юқори эканлиги маълум бўлди.
Шунингдек, суюқ чиқиндилар тўпланган тупроқ намуналарининг таркибида нефт маҳсулоти қолдиқлари 2,6 дан 11,4 мг/кг гача эканлиги аниқланди.
Тошкент шаҳар каналлардан фойдаланиш ва уларга туташ ҳудудларни ободонлаштириш бошқармаси томонидан берилган маълумотга кўра, 63 936 метр куб ҳажмдаги суюқ чиқиндилар каналга ҳеч қандай рухсатномасиз ноқонуний равишда чиқариб ташланган. Бунинг натижасида “Табиатни муҳофаза қилиш тўғрисида”ги Қонуннинг 19-моддаси, “Сув кодекси”нинг 23, 117, 153-моддалари талаблари қўпол равишда бузилган. Натижада 2 млрд 160 млн 13 минг 824 сўм компенсация тўлови ҳисобланган.
Бундан ташқари, МЧЖ томонидан оқова сув тармоғига шикаст етказилганлик ҳолати натижасида тўпланиб қолган суюқ чиқиндилар ташланиши оқибатида ер рельефидаги тупроқ ифлослантирилган.
Таҳлил натижаларига кўра, нефт маҳсулоти қолдиқлари белгиланган концентрация миқдоридан ўртача 5,2 марта юқорини ташкил этган. Ҳолат юзасидан 60 млн 27 минг 81 сўм компенсация тўлови ҳисобланди. «Б.Б.» МЧЖ жами 2 млрд 220 млн 40 минг 905 сўм компенсация тўлайдиган бўлди.











