12:41 / 07.06.2018
12839

Озарбойжон Арманистонга чақириқ билан чиқди

Фото: David Mdzinarishvili/Reuters

Озарбойжон президенти Илҳом Алиевнинг маълум қилишича, Арманистон янги раҳбариятидан Тоғли Қорабоғ можаросига ечим топиш бўйича «реал музокаралар» бошлашини кутмоқда. Бу ҳақда РИА «Новости» хабар берди.

«Умид қиламанки, Арманистон янги раҳбарияти аввалги ҳокимият хатоларини такрорламайди ҳамда Тоғли Қорабоғдаги можарога тезроқ ечим топиш учун жиддий ишни амалга оширади. Шунчаки номигагина эмас, балки реал музокаралар жараёни бошланиши лозим», - дея айтиб ўтди Алиев.

Унинг таъкидлашича, музокаралар Кавказда тинчликни таъминлаши мумкин бўлган ечимни топишда ёрдам беради. Шунингдек, Алиевнинг сўзларига кўра, Озарбойжоннинг можарога тинч ечим топиш учун «ҳуқуқи бор».

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Озарбойжон президенти Илҳом Алиев Озарбойжон дипломатия академияси битирувчилари олдидаги нутқида Қорабоғ ихтилофи Озарбойжоннинг ҳудудий яхлитлиги доирасидагина ўз ечимини топиши мумкинлигини айтганди.

Top