Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 16 апрелда ПФ-5416-сонли «Диний-маърифий соҳа фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармонида Ўзбекистон мусулмонлари идораси ҳузурида «Вақф» хайрия жамоат фондини ташкил этилиш билан боғлиқ тадбирлар белгиланган эди. Фонд ташкил топганига ҳали кўп вақт бўлмади. Амалга оширилаётган ишлар, фонднинг асосий мақсад ва вазифалари тўғрисида фонд бошқарув раҳбари Жалолиддин Ҳамроқулов билан суҳбатлашдик.
- Муҳтарам Президентимиз 2018 йил 16 апрелда «Вақф» хайрия жамоат фондини ташкил этиш тўғрисида тарихий фармонга имзо чекдилар. Тарихий деганимиз, рамзий маънода ҳам, тарихий маънода ҳам. Сабаби юртимизда 1928 йилгача хонликлар ва амирликларда вақф ишлари юритилган. Сўнгги бор 1929 йилда Бухоро амирлиги ва Хива хонлигида тўхтатилган.
Фонднинг асосий мақсади юртимизда етишиб чиққан буюк алломаларимизни дунё маданияти ва илм-фанига қўшган ҳиссасини тараннум этиш. Шу билан бирга, одамларимиздаги мурувват, саховатлилик туйғуларини янада оширишга кўмаклашиш. Хусусан, диний-маърифий соҳага ёрдам бериш, масжидларимизни ободонлаштириш, унда хизмат кўрсатаётган имом-хатиб ва ноиблар, мутаваллиёт ва муаззинларга моддий-маънавий кўмак бериш - мана шу фонднинг асосий вазифаларидан ҳисобланади. Бундан ташқари, уларга янги қурилаётган уйлардан олиб бериш, кўп йиллардан буён хизмат қилиб келаётган имом-домлаларимизни рағбатлантириш, диний таълимни ҳам моддий, ҳам маънавий қўллаб-қувватлаш ҳам вазифалардан бири ҳисобланади. Халқимиз орасида кам таъминланган, моддий кўмакка эҳтиёжи бор оилаларга ёрдам бериш ҳам ҳисобга олинган.
16 апрелда фармонга имзо чекилган бўлса, 1 майдан ўз фаолиятимизни бошладик. 10 май куни Адлия вазирлиги орқали ўз Низомимизга, гувоҳномамизга эга бўлдик. Рамазон ойининг баракасидан шу кунга қадар кенг кўламли ишлар қилиб қўйдик. Хусусан, қон қуйиш институтига бориб 10 нафар болажонга моддий кўмак бердик. Қолаверса, кўзи ожизлар жамиятида 200 кишилик ифторлик уюштирдик.
Шу кунларда баъзи бир ташкилий ишларни амалга оширишни режа қилганмиз. Хусусан, ўз сайтимиз фаолиятини йўлга қўйишни. Телеграмда vaqf.uz саҳифаси ўз ишини бошлаган. Шаффофликни таъминлаш мақсадида фондга тушган маблағлар ҳар куни эълон қилиб борилади. Бу Президентнинг фонд ҳақидаги фармонида ҳам ўз аксини топган. Бу борада Адлия вазирлиги, Молия вазирлиги, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита ва Инновацион ривожланиш вазирлиги бу борада кўмакчи бўлмоқда, - деди Жалолиддин Ҳамроқулов.















