8 июнь куни Ўзбекистонда қонун устуворлигини мустаҳкамлашга кўмаклашиш борасида Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳамда АҚШнинг USAID халқаро ривожлантириш агентлиги ўртасида ҳамкорлик Меморандумини имзолаш маросими бўлиб ўтди.

Ушбу Меморандумнинг имзоланиши ҳамкорликни мустаҳкамлаш йўлида Ўзбекистон раҳбарининг АҚШга расмий ташрифи доирасида Адлия вазири Вашингтон шаҳрида эришилган келишувларнинг мантиқий давоми ҳисобланади.

«Бўлиб ўтган тадбир суд-ҳуқуқ соҳасида икки давлат ўртасида ўзаро ҳамкорликни кенгайтириш борасида янги имкониятларни очиб бериш учун мустаҳкам замин яратишга имкон беради.

Меморандум янги ўзаро манфаатли дастур ва лойиҳаларни ишлаб чиқишга туртки бўлиб, суд-ҳуқуқ соҳасидаги ислоҳотларни амалга оширишда Ўзбекистон Республикасини қўллаб-қувватлашга асос бўлиб хизмат қилади», дейилади Адлия вазирлиги матбуот хизмати хабарида.

Ушбу ҳужжатнинг мақсади 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясининг иккинчи «Қонун устуворлигини таъминлаш ва суд-ҳуқуқ тизимини янада ислоҳ қилиш» йўналишини амалга оширишда Ўзбекистон Республикасини қўллаб-қувватлашдир. Хусусан, ушбу Меморандум доирасида 3 йил давомида 12 млн АҚШ долларигача бўлган маблағлар янги қонун ва бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини ишлаб чиқиш, юридик кадрларни касбий маҳоратинини ошириш, шунингдек, Ўзбекистонда фуқаролик жамияти ва нодавлат нотижорат ташкилотларининг ривожланишига қулай ҳуқуқий замин яратишга қаратилган лойиҳаларни молиялаштириш мўлжалланган.

Маълумот ўрнида айтиш жоизки, бугунги кунда Адлия вазирлиги томонидан шу каби халқаро ташкилотларнинг грант маблағларини жалб этган ҳолда адлия органлари ва муассасалари фаолиятини такомиллаштиришга йўналтирилган бир қатор лойиҳаларни амалга оширишда кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда.

Хусусан, Европа Иттифоқи, БМТнинг ривожлантириш дастури, Германия халқаро ҳамкорлик жамияти лойиҳаси (GIZ), Германия халқаро-ҳуқуқий ҳамкорлик жамғармаси (IRZ), Ўзбекистонда ҳуқуқ соҳасида ислоҳотлар бўйича Япония халқаро ҳамкорлик агентлиги (JICA), Туркия ҳамкорлик ва ривожлантириш агентлиги, шунингдек, Буюк Британиянинг Ўзбекистондаги элчихонаси каби бир қатор халқаро ташкилотлар билан келишувларга эришилди.

Келишувлар доирасида давлат хизматларини кўрсатиш тизимини такомиллаштириш, юридик кадрларни ўқитиш ва малакасини ошириш, ҳуқуқий хизмат кўрсатишни, хусусан, адвокатурани ривожлантириш, нотариат ва ФҲДЁ органлари тизимини ислоҳ қилиш, шунингдек, норма ижодкорлиги жараёнига хорижий экспертларни жалб этишга йўналтирилган лойиҳалар амалга оширилмоқда.