Вазирлар Маҳкамаси 2018 йил 9 июнь куни “ЮНЕСКОнинг Умумжаҳон мероси рўйхатига киритилган Ўзбекистон Республикасидаги ҳудудларни муҳофаза қилиш тўғрисида”ги 435-сонли қарорни қабул қилди.
Умумжаҳон маданий ва табиий меросни муҳофаза қилиш тўғрисидаги конвенция 1995 йилнинг 22 декабрида Ўзбекистон Республикаси томонидан ратификация қилинган. Конвенция доирасида Хива шаҳридаги “Ичан-қалъа”, “Самарқанд – маданиятлар чорраҳаси” объекти, Бухоро ва Шаҳрисабз тарихий марказлари ҳамда Чотқол биосфераси (табиий мерос) Умумжаҳон мероси рўйхатига киритилган.
Қарорга мувофиқ, Қашқадарё вилояти Шаҳрисабз шаҳрининг тарихий марказида кенг кўламда қурилиш ва ободонлаштириш ишларини олиб боришда Конвенция ва уни амалга ошириш бўйича амалий қўлланма қоидаларига риоя қилмасдан ва уларнинг лойиҳалари ЮНЕСКОнинг Умумжаҳон мероси маркази билан аввалдан келишилмаган ҳолда олиб борилгани унинг бемисл универсал ва умумбашарий қийматига жиддий салбий таъсир кўрсатган. Натижада, ЮНЕСКО ҳузуридаги Умумжаҳон мероси қўмитасининг 40-сессияси қарори билан Шаҳрисабз тарихий маркази 2016 йилда Умумжаҳон меросининг хавф остидаги объектлар рўйхатига киритилган.
Мазкур қарор билан Умумжаҳон мероси рўйхатига киритилган Ўзбекистондаги ҳудудларни муҳофаза қилишни такомиллаштириш юзасидан таклифлар ишлаб чиқиш ҳамда уни амалга ошириш бўйича Бош вазир ўринбосари Азиз Абдуҳакимов раҳбарлигида республика идоралараро ишчи гуруҳи тузилди.
Умумжаҳон мероси рўйхатига киритилган мамлакатимиздаги ҳудудларни муҳофаза қилишни такомиллаштириш ва ЮНЕСКО ҳузуридаги Умумжаҳон мероси қўмитасининг тавсияларини амалга ошириш бўйича 26 та банддан иборат “Йўл харитаси” тасдиқланди.
Янги қарорга мувофиқ, Ишчи гуруҳ Конвенция, халқаро умумэътироф этилган нормалар ҳамда ЮНЕСКО ҳузуридаги Умумжаҳон мероси қўмитаси тавсиялари, “Тарихий шаҳарлар манзаралари тўғрисида”ги ЮНЕСКО тавсияномасини инобатга олган ҳолда, Ўзбекистоннинг миллий қонун ҳужжатлари, шаҳарсозлик норма ва қоидалари, тарихий шаҳарларнинг бош режаларини, шу билан бирга, Умумжаҳон мероси рўйхатига киритилган юртимиздаги тегишли ҳудудларни олимлар, халқаро экспертлар, кенг жамоатчилик вакилларини жалб этган ҳолда танқидий таҳлил қилади ҳамда асосланган таклифлар ишлаб чиқади.


















