Шахс ва шахсиятни тинч қўйиб, тизим ҳақида гаплашмаймизми?

Журналист ва блогер Диёр Имомхўжаев фейсбукдаги саҳифасида Ёшлар иттифоқи билан боғлиқ вазиятга муносабат ўлароқ пост қолдирди.

Токи шахсга сиғиниш ва шахсларга қарши кураш давом этар экан, бу ишимиздан чанглаттанинг иси анқийдиган бўлиб қолади. Ёшлар Иттифоқининг каттаси ва оддий журналист ўртасида пайдо бўлган дуэль сабаб кулишни ҳам, йиғлашни ҳам билмай қолдим.

Чунки инсон хато қилади, билмай гапириб қўяди. Шу хаёл билан қараганда, Қуранбоевни тушуниш мумкин. Бироқ Иттифоқдек катта ташкилот раҳбари ҳар бир жумласини ўйлаб гапиришга мажбурки, Қаршиев кўрсатиб бераётган миллий журналистиканинг ҳозирги позицияси шуни талаб қилади.

Мен саволни бошқача қўйишни истардим. Келинг, шахсларни тинч қўяйлик. Зеро Қуронбоевга қарши чиқаётганлар инсон ҳуқуқларини ҳимоя қиляпти, унинг ёни бўлаётганлар эса шахсга сиғинаётгандек таассурот қолдиряпти. Агар биргина инсоннинг ишдан олиниши ва унинг ўрнига янгиси келиши Ёшлар Иттифоқи армияси кучига соя солса, демак биз йиллар давомида кучли, ўз позицияси бор ёшларни эмас, шунчаки зомбиларни тарбия қилган бўлиб қоламиз. Ҳозирги ҳолат катта Каримова атрофида жам бўлиб аюҳаннос солган ёшларни сизга эслатгандек бўлмаяптими?

Фарқи йўқ – Иттифоқни Қуронбоев бошқарадими ёки бошқаси (кейингиси ҳам, ўзи ҳам энди етти ўлчаб бир кесишга мажбур). Аммо Ёшлар Иттифоқи механизми қанчалик тўғри деган саволни нега қўйиб кўрмаймиз? Битта инсон ҳам, битта катта ташкилот ҳам мутлақо айри йўлда бўлиши катта эҳтимол. Биз монопол корхона-ю ташкилотлардан азият чекканимиз етмаётгандек, ўзимиз бошқасини ишга тушириб қўйишимиз қанчалик тўғри? Айтайлик, ҳокимият илинжида камида 4та партия кураш олиб боради. Улар ўзининг йўли, ўз принциплари ва қарашлари фонида рақобат ҳосил қилади. Уларнинг ёнига мухолифат партиялари қўшилиши, турфикрлиликни янада оширади, кимдир кўрмаётган камчиликни ўша оппозиция эслатиб туради.

Аммо Ёшлар Иттифоқи битта ва унга ажратилган каттагина маблағ мавжуд. Агар бизда унинг каби яна 2—3 ташкилот бўлганида, вазият бироз бошқача кўриниш олиши мумкин эди. Қуронбоев ҳам, унинг иттифоқчилари ҳам ким биландир ҳисоблашарди, рақобатда ютиш учун интиларди. Ҳозирги ҳолатда эса улар ўз йўналишида монопол. Шунинг учун ҳам Иттифоқ аъзоларининг ҳаммасини иқтидорли, унга аъзо бўлмаганларни иқтидорсиз дея олмайсиз. Буни ўша Иттифоқ ичида бўлмаса-да, шундай катта ташкилотга бемалол тош отаётган ҳеч бўлмаганда биргина журналистнинг бор экани ҳам кўрсатиб турибди. Чунки ўша ёш журналист ташкилот каттасининг кичик хатосини кўрсатиб, бу ишнинг ноқонуний томонини очяпти, Қаршиевга қарши чиқаётганлар эса Қуронбоевнинг фозил ва қобил инсон эканига урғу беряпти (катта эҳтимол билан шундай бўлиши ҳам мумкин). Энг ёмони ҳам шу. Зеро биз бирор шахсни эмас, Конституцияни афзал деб билганимиздагина ўзимиз истаётган жамият қура олишимиз мумкин.