Табиб табиб эмас, бошига тушган табиб, дейди доно халқимиз. Воқеа-ҳодисаларнинг бевосита иштирокчиси бўлмасангиз, фақат рост сўзни ёзмоқчи бўлсангиз ҳам, барибир битикларингизда заррача бўлса-да ёлғон қўшиларкан. Яқинда даврий матбуотимизнинг юзини безаган бир хабар («Мактабга ўқувчи қабул қилиш тартиби қандай?») фарзандлари шу йил мактабга борадиган ота-оналарни хурсанд қилгани шубҳасиз. Аммо, таассуфки, бу хабардаги ҳамма гаплар ҳам ҳақиқат эмаскан! Қоғоз бошқа, ҳаёт бошқа!

Гап шундаки, сентябрь ойини мен ҳам кўплаб ёш ота-оналар сингари орзиқиб кутяпман. Чунки тўнғич фарзандим биринчи синфга боради! Ахир, бундай бахт қайси ота-онани хурсанд қилмайди, дейсиз?!

Лекин ҳали сентябргача уч ой борлигига қарамай мен кабиларнинг юрагига ғулғула тушган: «Мактабга топшириш керак бўлган ҳужжатларни вақтида йиға оламанми?». Хабарда санаб ўтилганидек, умумтаълим муассасаси директори номига ариза, ота-онанинг фуқаролик паспорти нусхаси, боланинг туғилганлик ҳақидаги гувоҳномаси нусхаси, боланинг соғлиги тўғрисидаги тиббий маълумотнома ва 3/4 расмни тайёрлаш бир кунлик иш. Аммо аслида мактаблар томонидан  норасмий равишда талаб қилинаётгани фақат шулар эмас-да!

Энг аввали, гарчи мактабгача таълим муассаси тайёрлов гуруҳини аъло даражада тамомлаган бўлса-да, гарчи 6,5 ёки 7 ёш ҳам эмас, 7,5 ёшда бўлса-да, мен ҳам фарзандимни психо-невролог кўригидан ўтказиб, маълумотнома олишим керак экан. Шундай қилдик. Таажжубланарлиси эса Чилонзор тумани бўйича 38-оилавий поликлиникидаги биргина мутахассисдан маълумотнома олиш керак экан (?!). Гарчи шанба, дам олиш куни бўлса-да, узундан-узоқ навбатда 33-бўлиб, қабулга кирдик. Саволларга бийрон жавоб берган ўғлимга маълумотнома ёзиб берар экан, ҳамшира эмас (!), шахсан шифокорнинг ўзи «Бланка учун ўн минг ташаб кетарсиз» деб қолди. «Фарзанди мактабга борадиган ота-она қувончи олдида ўн минг сўм нима бўпти?! Жуда майда гапку», дерсиз. Мен ҳам шундай ўйладим. Шифокор хонасидан чиқиб, бошқа оналар билан суҳбатдан аён бўлдики, А4 форматдаги қоғознинг тўртдан бир бўлагига тенг бўлган «Бланка учун» ҳаммадан шунчадан пул сўралаётган ва андишали халқимиз ҳам «дўхтир опанинг дилига озор бермаётган» экан. Энди ўйлаб кўринг, мен 33-навбатда қабулга кирган бўлсам, шифокор бир кунда ўртача 35 нафар кишини қабул қилса, чинданам, бу майда гапми?

Майли, «бланка»ни олишга олдик, аммо олдинда бизни бундан ҳам муҳимроқ «гап»лар кутиб турганини ҳали билмас эдик. Эътибор берган бўлсангиз, бояги хабарда («Мактабга ўқувчи қабул қилиш тартиби қандай?»