Самарқанд шаҳридаги Сўғдиёна таянч тиббиёт коллежида вилоят ҳокими Т.Жўраев раҳбарлигида Сўғдиёна маскани ҳудудини ижтимоий-муҳандислик, йўл инфратузилмаси ҳамда кўп қаватли уй-жой фондини таъмирлаш ва атрофини ободонлаштириш бўйича йиғилиш ўтказилди.

Президент Ш.Мирзиёевнинг 2018 йил 16 мартдаги қарори билан ташкил этилган «Самарқанд вилоятини ободонлаштириш ва фаровонлигини ошириш жамғармаси»га 50 млн. доллар миқдорида маблағ ажратилган. Ушбу маблағ вилоятнинг ижтимоий-иқтисодий, муҳандислик ва йўл инфратузилмасини тубдан реконструкция қилишга имкон бериб, аҳолининг кундалик яшаш шароитини янада яхшилашга замин яратади.

Ш.Мирзиёевнинг 17–18 март кунлари Самарқанд вилоятига ташрифи давомида берган топшириқлари ижросини таъминлаш мақсадида бир қатор ишлар амалга оширилди. Жумладан, вилоят ҳокимлиги томонидан ижтимоий-иқтисодий, муҳандислик ва йўл инфратузилмасини яхшилаш, кўрсатилаётган коммунал хизматлар сифатини ошириш ва соҳадаги мавжуд муаммоларни бартараф этиш юзасидан жами 334,4 млрд. сўмлик чора-тадбирлар дастури ишлаб чиқилди.

Шундан:

  • Самарқанд шаҳрида жами 28,5 км узунликда йўл қуриш ва реконструкция қилиш;
  • 5 та асосий кўчаларда пиёдалар учун йўл ўтказгич кўприги қуриш ва 2 та кўчадаги мавжуд ер ости ўтиш йўлагини реконструкция қилиш;
  • шаҳарнинг Сартепа, Сўғдиёна, Микрорайон «А» ва «Б» масканлари ҳудудидаги жами 317 та кўп қаватли уй-жойларни мукаммал таъмирлаб, ҳудудини ободонлаштириш;
  • шаҳарнинг ичимлик сув тармоқларини қуриш, мавжуд сув тармоқларини ҳамда оқова сув қувурларини янгилаш;
  • Самарқанд шаҳрида 4 та марказлашган қозонхона қуриш;
  • шаҳарнинг 20 та марказий кўчасида ҳамда Сартепа, Сўғдиёна, Микрорайон «А» ва «Б» масканлари, Фарҳод, Сўлим, Кимёгарлар қўрғони ҳудудларининг тунги ёритиш тизимларини мукаммал таъмирлаш;
  • шаҳар ободонлаштириш бошқармасига 63 та турли ҳажмдаги юк ортиш, кўча супуриш, ювиш, юклаш, текислаш, дарахт экиш ва бошқа автотранспорт воситаларини ҳамда 40 та ўт ўриш ускуналарини харид қилиш;
  • Самарқанд шаҳрининг Амир Темур, Буюк Ипак йўли, Туркистон, Али Қушчи, Рудакий ва Ўзбектрак кўчаларини ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштирилган қисмининг сунъий суғориш тизимини яхшилаш;
  • кўп қаватли уй-жойлардаги мавжуд 71 та лифт мосламасини янгисига алмаштириш режалаштирилди.