2018 йил 15 мартдан бошлаб расман «Қозоғистонда Ўзбекистон йили» бошланди. Тан олиб айтиш керакки, гавжум Олмаота ва гўзал Остона шаҳарлари Марказий Осиёда кейинги ўн йилликнинг энг қудратли шаҳарлари рўйхатида пешқадам бўлишга тўла имконияти бор.

Остонага ташриф буюрган ҳар қандай сайёҳ ўша машҳур Байтерек монументига чиқишга ҳаракат қилади. Ривоят қилишларича, бу қадимги Ҳаётбахш дарахт қозоқ тилида Бәйтерек деб аталган. Унинг илдизлари ер остини, новда устидаги тож эса осмонни тутган. Ҳар йили афсонавий Самруқ қуши унинг юқори шохлари орасига тилла тухум қўяди. Айдаҳар (аждарҳо) эса уни ейди. Шундай қизиқ ривоят билан йўғрилган дарахт монументини қуриш ишлари 1996 йил бошланди. Бу воқеа пойтахтнинг Олмаотадан Ақмолага кўчирилиши билан боғлиқ.

Байтерекнинг атрофи Дубайни эслатувчи осмонўпар, ойнаванд бинолар билан қуршалган. Ишбилармонлик марказлари-ю, кўнгилочар емакхоналардан иштиёқим ортиб, айланиб юрганимда ўзбек тилида суҳбатлашиб турган уч нафар ўзимизнинг қоракўзларни учратдим.

«Ассалому алайкум, ўзбекмисиз?», Остонада ўзбекларни кам учратганим учун беихтиёр сўрадим.

«Ҳа, келинг, ука. Ўзбекистонданмисиз? Ёки шу [Қозоғистон] ерликмисиз?», деб сўради уларнинг орасида энг ёш кўринганлардан бири.

Кийимидан улар шу яқин атрофдаги бинода ишласа керак, деб ичимда гапира бошладим. Аслида ишчиларнинг формасига қараб дарҳол ажратмайман-ку, аммо қурувчининг бош кийимига ўхшаган бош кийим шубҳага ўрин қолдирмади. Ўзимни таништирдим. Кейин билсам, Собир аканинг (учовлоннинг энг кичиги) асл касби муаллимлик бўлиб чиқди.

«Очиғи, Ўзбекистонда ҳам ҳеч ким оч қолмайди. Бир киши фарзандлари, ота-онаси ва рўзғоридан ортиниб машина ҳам оляпти, уй ҳам қуряпти. Аммо, сиз ўқитувчи бўлсангиз, бу гапларни айтган инсоннинг юзига ҳам қарамай сўкиб ташлайсиз. Мен анча йилдан буён хорижда ишлайман. Профессионал альпинист бўлиб, ҳужжатлар олдим. Аммо, ўқитувчи бўлиб юрган пайтимдек, юрак сиқилмайди: пулим етарли, оиламга ҳам юбораман. Шу катта биноларда ойна артувчиман. Ишим битса, қўноққа кетаман, бинога қоровул бўлиб қолмайман. Ойлигимдан ҳеч ким ушлаб қолмайди, мажбурий обуна, пахта йиғими, темир топ, деган гапнинг ўзи йўқ. Беҳудага қоғоз тўлдирмайман, пластик картамни кўтариб, қандай нақдлаштирай, демайман», дейди ўзбекистонлик собиқ ўқитувчи.

Нима дейишни ҳам билмай мум тишладим. Чунки, Собир аканинг шериги Дилмурод ака ҳам бинойидек касб эгаси бўлган.