Вазирлар Маҳкамасининг 31.05.2018 йилдаги 408-сон қарори билан Давлат таълим муассасалари ва автомототранспорт воситалари ва шаҳар электр транспорти воситалари ҳайдовчиларини тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш бўйича нодавлат таълим хизматлари кўрсатиш фаолиятини амалга оширувчи бошқа юридик шахсларнинг ўқув гуруҳларини рўйхатга олиш, шунингдек имтиҳонларни ўтказиш ва миллий ҳайдовчилик гувоҳномасини бериш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланди, деб ёзмоқда Norma.

Мактаб ва курсларни рўйхатга олиш тартиби тўғрисида
 
Давлат таълим муассасалари ва бошқа юридик шахсларнинг ўқув гуруҳларини рўйхатга олиш Давлат йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати (ДЙҲХХ) ва унинг ҳудудий бошқармалари (ЙҲХБ) томонидан амалга оширилади. 

Давлат таълим муассасалари ўзининг таълим фаолиятини бошлагунга қадар юқори турувчи давлат идораси орқали ИИВ ЙҲХББнинг хулосасини олади. Хулоса чиқарилгунга қадар ЙҲХББ қарори асосида, текширув комиссияси томонидан даъвогарларнинг моддий-техника ва ўқув-методик базаси ҳар томонлама кўрикдан ўтказилади.

Текширув натижалари бўйича 3 нусхада далолатнома тузилади: бири хулоса тайёрлаш учун ЙҲХББга тақдим этилади, бир нусхаси – ЙҲХБда, бир нусхаси  давлат таълим муассасасида сақланади. Давлат таълим муассасаси ЙҲХБда ҳисобга қўйилганда тайёрланадиган ҳайдовчиларнинг тоифалари кўрсатилган ҳолда унинг номи, манзили, банк реквизитлари, уставни тасдиқлаш (рўйхатдан ўтказиш) тўғрисида маълумот, маҳаллий давлат органларининг қарори рақами кўрсатилади ва ушбу барча маълумотлар алоҳида журналда акс эттирилади. Давлат таълим муассасаларини ҳисобга олиш журнали ИИВ томонидан рўйхатдан ўтказилади ва ҳудудий ЙҲХБда сақланади.

Кўрсатилган соҳада нодавлат таълим хизматларини кўрсатувчи юридик шахснинг ўқув гуруҳлари Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси томонидан берилган тегишли лицензия асосида ЙҲХББ кўрсатмасига асосан ЙҲХБ томонидан рўйхатга олинади.

Ўқув ташкилотлари томонидан автомототранспорт воситалари ва шаҳар электр транспорти воситалари ҳайдовчиларининг малака ошириш курслари якуни бўйича ҳудудий ЙҲХБга сертификат олган тингловчилар, сертификат берилган сана ва рақами кўрсатилган ҳолда рўйхати тақдим этилади.

ЙҲХБда ҳисобга олинган барча ўқув ташкилотларининг ўқув, моддий-техника базаси ва фаолияти ҳар йили камида 1 маротаба атрофлича, ҳар бир ўқув гуруҳларининг ўқув жараёни эса ҳар ойда камида 1 маротаба ҳудудий ЙХХБлар томонидан ўрганиб борилади. Ўрганиш натижалари юзасидан далолатнома тузилиб, зарурат туғилганда давлат таълим муассасасининг юқори турувчи ташкилотига тегишли тақдимнома юборилади.