Таҳририятимизга жойлардан доимий равишда мурожаатлар келиб тушади. Уларнинг аксарияти ҳақли мурожаат. Шундай мурожаатлардан бири Фарғона вилояти Учкўприк туманида истиқомат қилувчи, деҳқончилик билан шуғулланувчи фуқаролардан жўнатилган. Мурожаатда “Фарғонада халқ дардини кимдур эшитадими? Ҳоким охирини ўйламай қарор чиқаради. Прокурор билганини қилади. Суриштирмай протест киритади. Деҳқон пулига куйиб қолади. Бизнинг арзимизни тингловчи борми ўзи?” дейилган. Мурожаатни батафсил ўрганиш учун Фарғона вилоятига бордик.

Мурожаатни муаммога учраган деҳқонларнинг жамоатчи ҳимоячиси Йўлчибой Исмоилов билан суҳбатлашишдан бошладик. 2017 йил 26 июль куни Учкўприк туман ҳокими М.Деҳқоновнинг 1008 сонли  қарори билан фуқаро Д.Юсуповга Машад м.ф.й. Машад қишлоғи 561қ-контурда жойлашган ернинг 0,35 гектар қисми деҳқон хўжалиги ташкил қилиш учун ажратилган.


Аслида бу ер бир вақтлар 1 гектарга яқин майдонни эгаллаган. “Қишлоққурилишинвест” инжиниринг компанияси Фарғона филиали учун 59 сонли қарор билан намунали уй-жой қуриш учун ажратилган. 2011 йилда компания бу ҳудудда 11 та уй-жой қуришни режалаштирган. Бор йўғи 3 та уй-жой қургач фаолиятини тўхтатган. Шундан сўнг ер ташландиқ ҳолда 2017 йилгача ётган.

Бироқ Д.Юсуповга берилган ер масаласида туман прокурори Ф.Н.Алиев 1008 сонли ҳоким қарорини бекор қилиш бўйича протест билдиради. Д.Юсуповнинг номида 0,10 гектар ер майдонидан иборат яшаб турган ҳовли-жойи мавжудлиги ва деҳқон хўжалиги юритиш учун ажратилган ер майдони қонун талабларига риоя қилинмаганлиги асос сифатида кўрсатилади. 

Шундай қилиб ҳоким 2017 йил 17 ноябр куни 1511 сонли қарори билан протестни қаноатлантирган. Қарорнинг 3 қисмида ер ресурслари ва давлат кадастр бўлими бошлиғи А.Нишоновга ерни туман ер захирасига олиш ҳақида кўрсатма беради. Оқибатда Д.Юсупов ердан ажрайди.

Орадан вақт ўтиб фуқаролар Д.Юсупов, Х.Мехмонов, Б.Усувалиев ва Э.Пўлатовлар деҳқон хўжалиги ташкил этиш мақсадида шу контурдаги майдонни сўраб ҳокимиятга мурожаат қилишади. 2018 йил 28 март куни 538 сонли қарор билан уларга 0,20 гектардан (жами 0,80 гектар) ер майдони ажратиб берилади. Ер майдони давлат рўйхатидан ўтказилади ва гувоҳнома берилади.