Ўзбекистон | 13:04 / 21.06.2018
6428
2 дақиқада ўқилади

Андижонда велоҳаракат ривожлантирилади 

Андижон шаҳрида велосипедчилар учун йўлаклар ташкил этилади. Вилоят ҳокими Шуҳратбек Абдураҳмонов Ю.Отабеков кўчасида амалга оширилаётган бунёдкорлик ишлари билан танишиш асносидаги йиғилишда бу бўйича шаҳар ҳокимлиги раҳбарларига аниқ топшириқлар берди. Бу ҳақда унинг Facebook’даги саҳифасида хабар қилинган.

Фото: Facebook/@abdurahmonovshuxratbek

Андижон шаҳрида 425 минг аҳоли истиқомат қилади. Қарийб 40 мингга яқин автотранспорт воситалари мавжуд. Вилоят миқёсида эса 187 мингта автоулов бор. Қатновнинг кўплиги, атроф-муҳит мусаффолигини сақлаш масаласи пиёда ёки экологик тоза транспорт воситасида ҳаракатланишни кенг тарғиб қилишни тақозо этади. 

Фото: Facebook/@abdurahmonovshuxratbek

Шуларни назарда тутиб, Андижон шаҳридаги 7та марказий кўчада велосипедчилар учун умумий 28,6 км узунликдаги йўлакчалар ташкил қилинади. Бир томонлама йўлакчаларнинг эни 2,25 метр, икки томонлама йўлакчаларники 3,25 метр бўлиши кўзда тутилган.

Фото: Facebook/@abdurahmonovshuxratbek

Дастлабки босқичда 500 та замонавий велосипедлар олиб келиниб, 20 та прокат маскани ташкил қилинади ва барча масканлар ягона электрон тизимга уланган ҳолда ишлайди. 

Фото: Facebook/@abdurahmonovshuxratbek

Бундан ташқари, ушбу йўналишда ахборот технологияларини кенг қўллаган ҳолда велосипедларни ижрага олишдан тортиб уни тўловлари тўлиқ автоматлаштирилади. Бу борада вилоят ҳокими ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш бошқармасига аниқ таклифларни ишлаб чиқиш ва бу йўналишда хорижий давлатлар тажрибасини ўрганиш бўйича топшириқларни берди.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид