Ўзбекистон | 17:30 / 21.06.2018
38485
4 дақиқада ўқилади

«Элчиларнинг хотинлари дарслик ёзади». Абдулла Арипов дарсликлар ҳадеб янгиланаверишини танқид қилди

Фото: Kun.uz

Бугун, 21 июнь куни Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Абдулла Арипов раислигида, 20 июнь куни Халқ таълими вазири этиб тайинланган Шерзод Шерматов бошчилигидаги янги раҳбарият иштирокида халқ таълими тизими муаммоларига бағишланган видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтди. 

Йиғилишда мактабларда китоблар, ўқув-методик қўлланмалар етишмаслиги, дарсликларнинг хатолар билан чоп этилиши жиддий муаммолар сифатида кўрсатиб ўтилди.

«Мактабларда китоблар ва ўқув-услубий қўлланмалар етишмаслиги, сифат даражаси бўйича муаммолар бир неча йиллардан буён ечилмай келмоқда. Ушбу масалага янгича ёндашувларни ишлаб чиқиш керак.

Математика, физика, география, биология фанларидан дарсликлар алмаштиришга қандай зарурат бор? Биз ўқиган вақтда дарслик 20 йил давомида ўзгармасди. Масалан, мен мактабда акаларим 20 йил олдин ўқиган китобларни ўқиганман. Булар аниқ фанлар. Нега бу дарсликлар ҳар 4 йилда алмашишини тушунмайман. 

Кечирасизлару, ҳар хил амалдорларнинг, элчилар, яна турли мансабдорларнинг хотинлари дарслик ёзди. Улар ёзган нарсага болалар у ёқда турсин, катта одамлар ҳам тушунмайди. Лекин ўша китоб тасдиқдан ўтган, нашр этилган. Нега? Чунки, китоб муаллифи элчининг хотини.

Яна қайтариб айтаман, велосипедни қайтадан ўйлаб топишнинг кераги йўқ, Американи қайтадан очишнинг зарурати йўқ. Физиканинг, математиканинг умумий қонунлари ўзгармайди. Дарсликларни чоп этишда илғор Европа тажрибасини ўзимизга татбиқ қилиш, ундан тўғри фойдаланишимиз керак», — дея бош вазирнинг сўзларини келтирган «Kun.uz» манбаси. 

Бундан ташқари, Абдулла Арипов мактабларда инглиз тилидан бошқа дарслар йўқ қилинганини танқид қилди.

«Бизда жуда яхши чет тилларига ихтисослаштирилган мактабларимиз бор эди. 2012 йил ёки 2013 йилда ҳаммаёқда инглиз тилини ўқитиш жорий қилинди. Аммо бу қандай амалга оширилди? Бу бошқа тилларни чеклаш ҳисобига бўлди. Немис тили ёки француз тилига ихтисослашган мактаблар, жуда зўр ўқитувчиларимиз бор эди. Улар жаҳон олимпиадаларида қатнашишарди. Афсуски, биз уларни мажбурлаб инглиз тили ўқитувчисига айлантирдик. Ўзим Чинозда кўрдим, маънавият бўйича битирган одам, инглиз тилидан дарс беряпти.

Тўғри, инглиз тилига эътибор бериш яхши. Лекин ҳозир вилоятларда рус тилидан дарс берадиган ўқитувчилар етишмайди. Чет элларда юрибди. Кулгили ва шармандали ҳол бу. Эришган ютуқларимизни йўқотдик.

Баъзилар танқид қилади, рус тилига эътибор беришни собиқ совет замонини соғиниш дейди. Йўўўқ, орқага юриш йўқ. 

Ҳолбуки чет элда мактабни битираётган ўқувчи 3та ёки 4та тилни билади. Биз эса борини йўқ қилдик, янгисини қурмадик.

Шунинг учун, вазирликнинг янги раҳбарлари олдида катта вазифа турибди. Президентимиз мамлакатимиз келажаги учун мактаб таълими ўрни нақадар муҳим эканини айтмоқда. Ўйлайманки, барча раҳбарлар буни тўғри тушуниб, тўғри ёндашади. Юртбошимиз бу масалада катта топшириқлар берди», — деган бош вазир.

Азиз Қаршиев
Тайёрлаган Азиз Қаршиев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид