Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигининг ихтисослаштирилган мактаб-интернати фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.

Ҳужжат билан Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги, Халқ таълими вазирлиги ҳамда Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги Касб-ҳунар таълими марказининг:

Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги ҳузуридаги Ҳарбийлаштирилган махсус мактаб-интернат негизида Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигининг ихтисослаштирилган мактаб-интернатини ташкил этиш;

ихтисослаштирилган мактаб-интернатни Тошкент шаҳар, Учтепа тумани, М.Шайхзода кўчаси, 64-уй манзилида жойлашган Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигининг 1-сонли Тошкент академик лицейи биносига жойлаштириш;

Тошкент шаҳар, Мирзо Улуғбек тумани, Гёте кўчаси, 54-уй манзилида жойлашган Мирзо Улуғбек тумани политехника касб-ҳунар коллежининг бино ва иншоотларини тегишли ҳудуди билан биргаликда Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигининг 1-сонли Тошкент академик лицейига оператив бошқарув ҳуқуқи асосида, шунингдек, бошқа асосий воситаларини бепул бериш тўғрисидаги таклифлари маъқулланди.

Белгиланишича, Мирзо Улуғбек тумани политехника касб-ҳунар коллежига 2016-2017 ўқув йилида ўқишга қабул қилинган ўқувчилар ўқишларини ўз мутахассисликлари бўйича ушбу касб-ҳунар коллежи биносида тамомлайдилар ва уларга давлат намунасидаги дипломлар белгиланган тартибда берилади.

Қуйидагилар ихтисослаштирилган мактаб-интернатнинг асосий вазифалари этиб белгиланди:

ички ишлар органларининг, биринчи навбатда хизмат мажбуриятларини бажариш чогида ҳалок бўлган, шунингдек, хизматни ўташ давомида олган ярадорлиги, контузияси, касаллиги ва жароҳатланганлиги оқибатида ногиронликка учраган ёки вафот этган ҳарбий хизматчи ва ходимларининг фарзандларига таълим ва тарбия бериш ҳамда уларнинг ижтимоий-ҳуқуқий ҳимоя қилинишини таъминлаш;

ўқувчиларни умумий ўрта таълимнинг давлат таълим стандарти талабларига мувофиқ сифатли ўқитишни ташкил этиш, уларнинг Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги академик лицейлари ва ҳарбий академик лицейларда ўқишни давом эттиришлари учун зарур ва етарли бўлган чуқурлаштирилган назарий ва касбий тайёргарлигини таъминлаш;

таълим жараёнига миллий, умуминсоний ва маънавий қадриятлар, тарихда аждодларимиз кўрсатган жасорат ва бугунги кундаги Ўзбекистон Қуролли Кучларининг қаҳрамонлик анъаналари асосида ўқувчиларни тарбиялашнинг самарали шакллари ва усулларини жорий этиш.