
Кул солинган урналар эгаларини излаш - бу токиолик полициячиларнинг кундалик бўлмаса-да, тез-тез учрайдиган вазифаси. 2017 йилда махсус Банкё тумани терговчилари қандайдир сабабларга кўра қариндошларининг кулини қолдирган 10 кишини қидиришди. Умуман олганда, патруль хизматларига урналарсиз ҳам иш етарли.
Барча эгасиз буюмлар эгаларини кутаётган Токио омборхонаси 660 квадрат метрни эгаллаган. 2018 йилнинг апрелида у ерда юз минглаб предметлар бўлган, бироқ омборхона раҳбари Сёдзи Окубо июнь ойида ёмғирлар бошланиши билан хона кўпинча йўқотилган буюмлар - соябонлар билан тўлишини айтади. Токио омборхонасининг ички "ошхонаси" ва унинг фаолияти ҳақида у The Japan Times нашрига сўзлаб берди.
Эгаларини кутиб
2016 йилда пойтахт полицияси 380 мингдан ортиқ соябонни ўз эгаларига қайтарди, ёмғирли кунда шаҳар кўчаларидан ўртача 3 мингтагача эгасиз соябон топилади. Уларнинг ҳар бирига қаерда ва қачон топилгани ҳақидаги маълумот ёзилган ёрлиқ ёпиштирилади, сўнгра омборхонага йўлланади.
2018 йилнинг баҳори охирида 900 мингга яқин турли предметлар (ҳамёнлардан тортиб то смартфонларгача) марказда ўз эгаларини кутарди. Бироқ Япония учун бу рақамлар у қадар катта эмас — полиция 2015 йил учун мамлакат бўйлаб 26 миллионта йўқолган буюмни топди, бу ҳали пулларни ҳисобламагандаги кўрсаткич.
2016 йилда биргина Токионинг ўзида йўқолган буюмлар сони 3,83 миллионни ташкил қилди. Бу 1997 йилга қараганда деярли икки миллионга кўп. Полиция асосан ҳайдовчилик гувоҳномалари ва банк карталарини, шунингдек поезд чипталари, кийим-кечак ва пойабзалларни қайтарган. Пулларга келадиган бўлсак, 2017 йил давомида умумий ҳисобда 3,67 миллиард йен (33,5 миллион доллар) эгаларига қайтарилган.

Йўқотилган предметлар сони йил сайин секин-аста, лекин тўғри йўналишда ўсиб бормоқда, шу боис ҳукумат Токионинг Бункё туманидаги омборхонани кенгайтириш учун бюджетдан маблағ ажратмоқда. Окбуо кун келиб модернизация қилинган омборхона ҳам тўлиши мумкинлигини тан олади, чунки йўқотилган буюмлар эгаларини излаш - қийин иш.
Предмет омборхонада рўйхатдан ўтказилгандан сўнг ишчилар буюмдан фойдали маълумотни излаб, унинг эгасини аниқлашга ҳаракат қилишяпти. Агар бу телефон бўлса, у ҳолда терговчилар унинг ичидаги рақамларга қўнғироқ қилиб чиқишади - ходимлар кунига ўртача 250 қўнғироқни амалга оширишади. Баъзан омборхонага хорижга чиқиш паспорти ҳам келиб тушади ва бундай ҳолатларда полиция уни элчихоналарга олиб боради.

















