Ўзбекистон Республикаси президенти Шавкат Мирзиёев 27 июнь - Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари куни муносабати билан соҳа вакилларига табрик йўллади. Табрик матни давлат раҳбари матбуот хизмати томонидан эълон қилинди.
«Авваламбор, сиз, азизларни, соҳа ривожига муносиб ҳисса қўшган муҳтарам фахрийларимизни 27 июнь – Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари куни билан чин қалбимдан муборакбод этиш, барчангизга чуқур ҳурмат-эҳтиромим ва эзгу тилакларимни билдириш менга катта мамнуният бағишлайди», - дейилади табрик аввалида.
«Жамиятимизда демократик қадриятларни қарор топтириш, фуқароларимизнинг ахборот соҳасидаги конституциявий ҳуқуқларини таъминлаш, дунёда ва мамлакатимизда содир бўлаётган ижтимоий-сиёсий жараёнлар, воқеа-ҳодисалар ҳақида тезкор ва ҳаққоний маълумотлар етказиш борасида сиз, матбуот аҳлининг фидокорона меҳнат қилаётганингизни халқимиз яхши билади ва юксак қадрлайди.
Сизлар каби минг-минглаб олижаноб касб эгаларининг саъй-ҳаракатлари, истеъдод ва маҳорати билан мамлакатимиз оммавий ахборот воситалари халқимиз ҳаётига, унинг қувонч ва ташвишларига тобора яқин бўлиб, Ўзбекистоннинг янги, демократик қиёфасини шакллантиришда ғоят муҳим роль ўйнамоқда», - деган президент.
Қайд этилишича, мустақиллик йилларида мамлакатимиз оммавий ахборот воситаларининг сони қарийб 4 баробар кўпайиб, 1500 тага етгани ушбу тармоқда ўсиш, ўзгариш жараёнлари изчил давом этаётганидан далолат беради.
Энг муҳими, соҳа ривожида ана шундай миқдор ўзгаришлари билан бирга сифат ўзгаришлари ҳам юз бермоқда. Бунинг тасдиғини миллий медиа майдонимизда фуқаролик жамиятининг муҳим шарти бўлган нодавлат оммавий ахборот воситалари тармоғи кенгайиб, самарали фаолият кўрсатаётгани, интернет журналистикаси жадал ривожланиб бораётгани мисолида яққол кўриш мумкин.
Кейинги пайтда оммавий ахборот воситалари ходимларининг демократик жараёнлар, фуқаролик жамиятини барпо этишдаги ўрни ва нуфузини, маҳаллий газеталар, теле-радиоканалларнинг моддий-техник базаси ва кадрлар салоҳиятини мустаҳкамлаш, энг асосийси, матбуотда фикрлар, қарашлар хилма-хиллигини таъминлаш бўйича жиддий ишлар амалга оширилгани сизларга яхши маълум, албатта.
«Газеталаримиз, теле-радиоканалларимизда ошкоралик, таҳлил ва холис танқид руҳи кучайгани, бевосита хорижий мамлакатлардан тайёрланаётган материаллар сони ортиб бораётганини биз ҳар томонлама қўллаб-қувватлаймиз.
Бугун биз дунёдаги узоқ-яқин давлатлар билан ҳамкорликни мустаҳкамлаб, юртимиздаги демократик ўзгаришларни янада чуқурлаштиришга интилар эканмиз, бошқа соҳалар қатори оммавий ахборот воситалари фаолияти бўйича ҳам ҳали кўп иш қилишимиз кераклигини яхши тушунамиз. Оммавий ахборот воситалари сўзда эмас, амалда “тўртинчи ҳокимият” даражасига кўтарилиши зарур. Бу – замон талаби, ислоҳотларимиз талаби», - дейилган матнда.
















