Германия терма жамоасининг жаҳон чемпионатини жуда эрта тарк этиши сабаблари айни кунларда энг кўп муҳокама қилинаётган мавзуга айланиб қолди. 

Энг биринчи диққат қаратиш керак бўлган жиҳат шуки, чемпионлик мақомини ҳимоя қилиш осон иш эмас. Бошланиши узоқ 1930 йилга бориб тақаладиган мундиаллар тарихида шу вақтгача бор-йўғи икки терма жамоа бу ишнинг уддасидан чиққан. 1938 йилда Италия, 1962 йилда Бразилия кетма-кет иккинчи марта жаҳон кубогини қўлга киритган. Шунда ҳам фақат Италия айни бир мураббий қўл остида икки марта жаҳон биринчилигида ғолиб чиққан, холос. Устига устак, сўнгги тўрт мундиалда амалдаги чемпион гуруҳ босқичидан нарига ўтолмаяпти.

Ҳа, жаҳон чемпионатида ғолибликни қайта қўлга киритиш ўта мураккаб масала. Бироқ яхши янгиликлар ҳам бор. Бразилия амалдаги чемпион сифатида қатнашган ЖЧ-1998да финалгача, ЖЧ-2006да чорак финалгача етиб бора олган.

Йоахим Лёв ЖЧ-2018 олдидан деярли юз йиллик тарихда саноқли марта қайд этилган ҳодисага даъвогарлик қилиш масъулиятини тўла англаб етдими? Унинг хато кетидан хатога йўл қўйиши бу саволга салбий жавоб беришга ундайди.

Хўш, Лёвнинг қайси хатолари бугунги муваффақиятсиз натижаларга олиб келди? Қуйида мураббий томонидан йўл қўйилган 5та асосий камчилик таҳлили.

1. Терма жамоанинг «ишлов берилмаган» таркиби

Фото: Squawka

Таҳлил бошида терма жамоа таркиби ҳақида тўхталиб ўтсак. Йоахим Лёв жорий мундиал учун 23талик футболчилар рўйхатини асосан ЖЧ-2014да ғолибликни қўлга киритган жамоа ўйинчилари асосида шакллантирди. Ўтган чемпионатдаги таркиб билан ҳозиргиси футболчилик фаолиятини якунлаган ўйинчилар ҳисобига фарқ қилмоқда: Филипп Лам, Мирослав Клозе, Бастин Шванштайгер ва Лукас Подолски термадаги фаолиятини якунлагани учунгина Лёв уларни Россия мундиалига олиб келмагандек.

Лёв уларнинг ўрнини тўлдириш учун Конфедерациялар кубоги олдидан таркибга янги футболчиларни жалб этишда ҳеч қандай янгилик қўлламасдан, стандарт қарорлар қабул қилди. Хусусан, «Бавария» Филипп Ламнинг позициясида Йозуа Киммихни ўйнатаётгани Лёв учун айни муддао бўлди. Тимо Вернерни ҳисобга олмаганда, Бундеслигада порлаб чиқаётган ҳеч қайси ёш ўйинчига терма жамоада имкон берилмади. Устига устак, чап қанот ҳимояси муаммосини ечиш учун Йонас Ҳекторни таркибга жалб этиш қарори ҳам ўзини оқламади. Худди шу позицияда ўйновчи «Аугсбург» ҳимоячиси Филипп Макс 2017/18-йиллар мавсумида 12та голга ассистентлик қилиб, бу борада чемпионат рейтингида 2-ўринни олди; унинг вазиятни тўғри баҳолаб, тўпни шеригига вақтида ва ўта қулай тарзда етказиб бериш қобилияти Германия термасининг кучли қуролига айланиши мумкин эди, бироқ Лёв унинг ўрнига Марвин Платтенҳардтни танлади ва негадир бу танловидан чемпионат давомида деярли фойдаланмади: «Герта» вакили учта ўйиндан 2тасида майдонга туширилмади, Мексикага қарши ўйинда 79 дақиқа майдонда бўлди холос. Бундай қароридан кейин Германия 3та ўйиндан 2тасида гол ура олмаганини Лёв нима билан изоҳлайди?