Ўзбекистон Республикаси президенти Шавкат Мирзиёев Ёшлар куни муносабати билан Ўзбекистон ёшларига байрам табриги йўллади. Табрик матни ЎзА томонидан эълон қилинган.

“Сизларни, сизларнинг тимсолингизда бутун халқимизни мамлакатимизда биринчи марта нишонланаётган қутлуғ айём – Ёшлар куни билан чин қалбимдан самимий муборакбод этаман.

Мана шундай қувончли кунда, аввало, юртимизда кейинги пайтда ёшлар билан ишлаш бўйича мутлақо янги тизим яратилгани, ўғил-қизларимизнинг ижтимоий фаоллиги, Ватан ва халқ тақдирига дахлдорлик ҳисси кучайиб бораётганини, замонавий, демократик Ўзбекистон давлатини барпо этишда навқирон авлодимизнинг муносиб иштирок этаётганини барчамиз миннатдорлик билан эътироф этамиз.

Келажагимиз эгалари бўлган ёшларимизнинг қонуний ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш, уларнинг орзу-интилишлари, қобилият ва салоҳиятини рўёбга чиқариш биз олиб бораётган давлат сиёсатининг энг муҳим ва устувор йўналиши бўлиб, бу йўлда улкан ишларни амалга ошираётганимиз сизларга яхши маълум, албатта”, - дейилади табрик аввалида.

Қайд этилишича, ўтган бир йилнинг ўзида ёшлар ҳаётига бевосита тааллуқли бўлган 20 дан зиёд қонун, фармон ва қарорлар қабул қилингани ҳам бу фикрни яққол тасдиқлаб турибди.

“Айниқса, сизларнинг ташаббусингиз билан бундан бир йил муқаддам Ўзбекистон ёшлар иттифоқи ташкил этилгани ёшларимиз, бутун эл-юртимиз ҳаётидаги муҳим воқеа бўлди.

Албатта, бир йил – тарих учун жуда қисқа фурсат. Шунга қарамасдан, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи ўтган қисқа даврда мамлакатимизда ёшларга оид давлат сиёсатини амалга ошириш йўлида давлат органлари, нодавлат нотижорат ташкилотлар ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари билан самарали ҳамкорлик қиладиган муҳим ижтимоий тузилмага айланди”, - дейилади матнда.

Шу асосда ёш авлодимизнинг гражданлик позицияси ва фаоллигини кучайтириш, уни мустақил фикрлайдиган, замонавий билим ва касб-ҳунарларни пухта эгаллаб, халқаро майдонда рақобатга кириша оладиган баркамол шахслар этиб тарбиялаш бўйича сезиларли ишлар амалга оширилмоқда. Энг муҳими, ёшлар билан доимий мулоқот олиб бориш, уларнинг бандлигини таъминлаш, ҳаётда ўз ўрнини топиши, жамиятнинг муносиб аъзоларига айланиши, меҳнат ва турмуш шароитларини яхшилаш вазифаси барчамизнинг кундалик фаолиятимиз мезонига айланиб бормоқда.

Бунинг амалий тасдиғини кўплаб мисолларда кўриш мумкин. Хусусан, ёшлар учун янги иш ўринлари яратиш, ёш тадбиркорларга, айниқса, қизларимизга ҳунармандлик билан шуғулланишлари учун кредитлар ажратиш, уларни касбга тайёрлаш ва малакасини ошириш, фермерликни қўллаб-қувватлаш, фарзандларимизнинг таълим-тарбияси, уларни соғломлаштириш ва бўш вақтини мазмунли ташкил этиш бўйича муҳим қадамлар қўйилмоқда.