Жамият | 16:20 / 01.07.2018
37679
4 дақиқада ўқилади

Мардикор бозорларидаги аёлларга қандай ёрдам берилади?

Аёл мўътабар, аёл муқаддас. Бундай сўзларни оғзимиздан бол томиб таъкидлаймиз доимо. Аммо, ўзимизнинг аёлларимизга қай даражада эътибор қаратмоқдамиз? Уларнинг бахти, соғлиғи, иш фаолияти учун етарли шароитлар яратяпмизми?

Жорий йилнинг 28 июнь куни Тошкент шаҳар Хотин-қизлар қўмитаси вакиллари шаҳарнинг Қўйлиқ массивида мавжуд бўлган кунлик ёлланма меҳнатни ташкил этиш шохобчаларидаги (халқ тилида Мардикор бозор) аёллар билан учрашувлар ўтказди.

Учрашув Қўйлиқ массивида жойлашган Низомий номидаги университет қошидаги академик лицей биносида бўлиб ўтди. Ишсиз аёллар аввал фаоллар залида йиғилганди, аммо уларнинг шикоятлари, муаммолари кўп бўлгани сабабли алоҳида хоналарда вилоятлари бўйича тақсимланди. Хотин-қизлар қўмитасининг масъул ходимлари улар билан суҳбат ўтказишди. Суҳбат натижасида бу аёлларнинг кўпчилиги муаммоларини ҳал қилиш қийин бўлмасада, ўзларининг ҳуқуқларини билмаслиги натижасида шундай ҳолатга тушиб қолгани аён бўлди.

«Оилавий ҳолатим туфайли шу ҳолатга тушиб қолганман. Биринчи турмушим ўхшамади. Фарзандларим онамнинг қўлида қолди. Шароитим яхши ҳолатда эмас. Ишлашга мажбурман», дейди фарғоналик аёл У. Н.

Хотин-қизлар қўмитаси матбуот бўлими ходимаси Дилафруз Шукурованинг сўзларига кўра, ишсизликдан ташқари асосий муаммолар яна айланиб ажралишлар ва уй-жой масалаларига бориб тақалмоқда.

«Бу аёлларнинг аксарияти вилоятдан бўлиб, қайси вилоятдан кўп бўлса, ўша вилоятнинг Хотин-қизлар қўмитаси раиси, котиби, ҳокимият вакиллари, Бандликка кўмаклашиш маркази, ички ишлар идоралари ҳамкорлигида тегишлича муаммолар билан ўрганишлар олиб бормоқда. Бу ишлардан кейин аёлларимиз хурсанд ҳолатда, «ҳақиқат бор эканку» деб чиқиб кетишмоқда», дейди Тошкент шаҳар ҳокими ўринбосари, Хотин-қизлар қўмитаси раиси Дилбар Нажмиддинова.

Шундан сўнг, учрашувда қатнашаётган қизлардан бири билан суҳбатлашдик.

«Менга ўқишим, тадбиркорлигимга ёрдам беришни ваъда беришди. Агар тадбиркорлигимга ёрдам беришса, ўзимга ўхшаган ишсиз ёш қизларни иш билан таъминлайман», дейди сурхондарёлик Н. А.

Учрашувда иштирок этаётган Хотин-қизлар қўмитасининг Халқаро бўлими вакили Нодира Шотурсунова Қўмита томонидан бир неча халқаро ташкилотлар билан ҳамкорлик қилиш йўлга қўйилаётгани ҳақида айтиб берди.

Хотин-қизлар қўмитаси маълумотларига кўра, жорий йилнинг ҳисобот даврида Бандликка кўмаклашиш маркази ва Хотин-қизлар қўмитасига 132 минг 982 нафар ишсиз аёл-қизлар мурожаат қилган ва рўйхатга олинган. Шулардан январь-май ойларида 47 минг 987 нафарига доимий иш ўринлари яратиб берилган. Оғир турмуш шароитида яшовчи аёлларнинг айниқса, ёш хотин-қизларимизнинг бандлигини таъминлаш учун дастур ишлаб чиқилган. Бунга асосан 10 минг нафар аёлнинг бандлигини таъминлаш чоралари белгиланган. 1 июнь ҳолатига кўра 4521 нафар оғир турмуш шароитида бўлган хотин-қизлар иш билан таъминланган.

Учрашувда олиб борилган очиқ мулоқотлар аёлларимиз тақдирига ижобий таъсир қилишини умид қиламиз. Зеро, аёлларимиз жамиятимизнинг муҳим бўлаги ҳисобланади. Уларнинг ҳаётдан кўнгли тўқ бўлиши мамлакатимиз келажаги учун пойдевордир.

Баҳодир Ахмедов

Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид