Спорт | 02:19 / 01.07.2018
6455
3 дақиқада ўқилади

Ўсмирлар ўртасидаги Олимпия ўйинларига яна бир йўлланма қўлга киритилди

Фото: Миллий олимпия қўмитаси матбуот хизмати

29–30 июнь кунлари Хорватиянинг Умаг шаҳрида каратэ бўйича Буэнос-Айресдаги ўсмирлар Олимпия ўйинларига лицензия берувчи мусобақа бўлиб ўтди. Унда 84 мамлакатдан 325 нафарга яқин спортчи иштирок этди, деб хабар беради Миллий олимпия қўмитаси матбуот хизмати.

Баҳсларда терма жамоамиз шарафини Дилдор Алиқулова  (-53кг), Бону Эгамбердиева (-59кг), Шоҳрух Турсунмаҳамматов (-61кг),  Саидислом Жўраев (-68кг), Шаҳзоджон  Боймуҳаммедов (+68 кг) каби спортчилар ҳимоя қилишди.

Қайд этиш лозимки, мусобақа терма жамоамиз учун омадли келди. Ушбу ёш тоифасидаги спортчиларимиз Осиё чемпионатида кўнгилдагидек натижани қайд эта олишмаганди.

Хорватиядаги лицензион мусобақада ўзбек спортчиси ўзига юклатилган вазифани бажара олди. -53 кг вазн тоифасида мусобақада иштирок этган юртдошимиз Дилдор Алиқулова мусобақа давомида Бельгия (6:1), Чехия (0:0, ҳакамлар қарорига кўра), Озарбойжон (4:0) каби мамлакат вакилларини мағлубиятга учратиб, ярим финалга йўл олди.

Финал йўлланмаси учун кечган қийин баҳсда у Буюк Британия вакиласини мағлуб этди (4:3) ва финал чиптасини қўлга киритиш билан бирга, Аргентинада бўлиб ўтадиган ўсмирлар Олимпия ўйинлари лицензияси соҳибасига ҳам айланди. Финалда эронлик рақибга қарши кечган жангда у 1:2 ҳисобида имкониятни бой берди.

Шу тариқа спортчимиз лицензион мусобақанинг кумуш медали соҳибасига айланди.

Маълумот учун: ушбу мусобақада биринчи ва иккинчи ўрин соҳиблари Буэнос-Айрес йўлланмасини қўлга киритадилар.

Шу тариқа, Аргентина Олимпиадасига йўлланмаларимиз сони 24тага етди. Бугунги кунга келиб III ёзги ўсмирлар Олимпия ўйинлари учун терма жамоамиз ҳисобида қуйидаги спорт турларида лицензиялар мавжуд:

  • Спорт курашлари – 5та
  • Оғир атлетика – 3 та
  • Байдарка ва каноэда эшкак эшиш – 3 та
  • Академик эшкак эшиш – 3 та
  • Спорт гимнастикаси – 2 та
  • Спорт акробатикаси – 2 та
  • Трамполин - 1
  • Бадиий гимнастика – 1 та
  • От спорти (конкур) – 1 та
  • Таэквондо – 1 та
  • Бокс – 1 та
  • Каратэ – 1 та.

Эслатиб ўтамиз, III ёзги ўсмирлар Олимпия ўйинлари 6–18 октябрь кунлари Аргентина пойтахти Буэнос-Айрес шаҳрида бўлиб ўтади.

Мавзуга оид