Бугун Ростов-на-Донуда Япония ва Бельгия терма жамоалари чорак финалда ким ўйнашини аниқлаб олишади. Қуйида терма жамоаларнинг имкониятларига баҳо берилади.
Бельгиянинг олтин авлоди

Гуруҳ босқичида барча учрашувларда ғалаба қозонган Бельгия бу сафар ҳам чемпионлик учун жиддий даъвогар эканини намойиш этди. Бельгияликлар Россиядан кейин иккинчи бўлиб гуруҳ босқичини ҳал қилишди. G гуруҳида Панамани (3:0), Тунисни (5:2) ва Англияни (1:0) мағлуб этган Роберто Мартинес шогирдлари жами 9 гол уриб, гуруҳ босқичидани энг самарадор жамоа бўлди.
Бельгияликларнинг самарадорлиги Бельгиядаги электрон товарлар билан савдо қилувчи тармоқнинг бир ташаббусига сабаб бўлди. Бу тармоқ акция ўтказиб, агар Бельгия турнир давомида жами 15тадан ортиқ гол урса, шу акция давомида сотиб олинган телевизорларнинг пулини қайтаришни ваъда қилди.
«Менинг дўстларим телевизор харид қилишди. Шу туфайли мен кўпроқ гол уришим керак, бу орқали мен уларга телевизор ҳадя этган бўламан», дейди терма жамоа етакчи футболчиларидан бири Дрис Мертенс. Ҳозирча унинг ҳисобида фақат битта гол бор.
Японча шармандалик
Японлар турнирни кўпчилик учун кутилмаган ҳолда гуруҳ фаворити Колумбия устидан 2:1 ҳисобида ғалаба қозониш билан бошлади. Сенегалга қарши кечган иккинчи тур ўйинида мардонаворлик кўрсатиб, охирги дақиқаларда навбатдаги очко келтирувчи голни уришди (2:2). Охирги турда эса Польшага кичик ҳисобдаги мағлубият (0:1) уларга фейр-плей қоидаси бўйича плей-оффга чиқиш имконини берди. Японлар қўшимча кўрсаткичлар (нисбатан кам сариқ карточкалар) бўйича очколар ва тўплар нисбати ўзлариники билан бир хил бўлган Сенегални ортда қолдиришди.
Аммо полякларга қарши ўйиннинг охирги 15 дақиқасида японларнинг ҳаракатлари «тоза футбол» ва фейр-плейга батамом зид эди. Нариги ўйинда Колумбия Сенегал устидан ғалаба қозонаётганини билган японлар (колумбияликларга ҳам ғалаба жуда зарур эди) футбол ўйнашни тўхтатиб қўйишди. Улар шунчалик вақтни чўзишдики, Польша таркибида юбилей 100-учрашувини ўтказмоқчи бўлган Блашчиковски ниятига ета олмади, японлар тўпни фақат бир-бирига узатиш билан вақтни ўлдиришгани учун, футболчи алмаштиришнинг имкони бўлмади.
260 сония ичида «Кўк самурайлар» бир-бирларига 80 марта узлуксиз тўп узатишди. Турнирни муддатидан аввал тарк этиб бўлган польяклар ҳам олдинга боришмади ва ҳакам ҳуштаги чалинишини кутиб, ғалабани сақлаб қолишди. Япония ўз тарихида учинчи марта жаҳон чемпионатининг плей-офф босқичига чиқди. Аммо самурайлар кодексида бундай шармандалик учун харакири белгиланган.














