Гап нима ҳақида?

Баъзан шундай гапларни эшитиб қоламиз: томоқ стресс натижасида оғрийди, саратон бировни кечира олмаслик ва адоват сақлаш туфайли ривожланади, аллергия эса ичда ютилган ғазаб натижасида "ташқарига чиқади" - психосоматикага доир илмий ишларда шундай изоҳларни кўп учратиш мумкин. Қисқаси, бизнинг касалликларимизда ғам-ташвишларимиз айбдор. Бу психосоматика дейилади. 

Фото: prozeny.cz

Бу қандайдир янгиликми?

Йўқ, бир замонлар ҳатто Гиппократ ҳам инсоннинг соғлиғи унинг феъл-атворига боғлиқ экани ҳақида айтган: "Меланхоликлар нафақат тушкун кайфиятдан азият чекишади, балки қорин соҳасида худди нина санчилгандек оғриқларни ҳис қилишади".

1920 йилда сил билан касалланган Франц Кафка ўзининг ҳолатига шундай таъриф берган: "Менинг онгим касал, ўпкамдаги касаллик эса шунчаки руҳий касаллигимнинг аксидир".

Ёзувчи Кэтрин Мэнсфилд ҳам шу касалликка чалиниб, ўзининг кундалигида шундай ёзади: "Расво кун... Азобли оғриқ ва ҳоказо. Бу фақат жисмоний заифлик эмас. Соғайиб кетиш учун мен ўзимнинг "мен"имни тузатишим керак. Шифо топмаётганимнинг асл сабаби ҳам шунда. Менинг онгим менга бўйсунмаяпти".

Сил касаллиги - асабданми? Асл сабабчи Коха таёқчаси эмасми?

Фото: prozeny.cz

Айнан шундай. Бактерия ҳаво-томчи йўли орқали юқади ва иммунитет заиф бўлса, ўпкага ҳужум қилади. Силни анчадан бери микробга қарши препаратлар билан муваффақиятли даволашади.

Бироқ психосоматикада гап фақат бактерияда эмас, "сил қилувчи фикрлар" - қайғу, тушкунлик, умидсизликда ҳисобланади. Мазкур гипотезага ишонувчилар сил касаллигида ҳар томонлама "чуқур нафас олиш"ни - тоза ҳавода кўпроқ сайр қилиш ва бор салбий фикрлардан халос бўлишни тавсия қилишади.

Бунинг қандайдир илмий асоси борми?

Қисман бор. Психологик ҳолат ҳақиқатда касалликлар ривожига таъсир қилиши мумкин, касалликлар эса инсон психикасига таъсир кўрсатади - далилий тиббиёт бу борада баҳслашмайди.