Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Танада касалликлар юзага келиш эҳтимолини аввалдан аниқловчи сунъий интеллект модели ишлаб чиқилди
Олимларнинг айтишича, ушбу модел одамлар саломатлигида кузатилиши мумкин бўлган муаммоларини ўн йил олдин башорат қила олади. Сунъий интеллект тиббий ёзувларни ўрганиб, 1 000 дан ортиқ касалликлар хавфини таҳлил этади. Унинг ёрдамида хасталикларни эрта аниқлаш, турли даражадаги касалликларнинг олдини олиш мумкин.
Мазкур модел Delphi-2M деб аталади. Унинг асоси ChatGPT каби машҳур сунъий интеллект чатботларида қўлланадиган технологияга ўхшайди.
Delphi-2M аноним тиббий ёзувлар асосида ўқитилган. У бемор маълумотларини кўриб чиқади ва келажакда қайси касаллик пайдо бўлиши мумкинлигини олдиндан айтади. Худди об-ҳаво прогнозида “эртага ёмғир ёғади” дейилганидек, бу дастур ҳам “фалон касаллик чиқиши эҳтимоли бор” деб огоҳлантиради.
Модел қандай ишлаб чиқилди?
Delphi-2M’га дастлаб Буюк Британиядаги UK Biobank лойиҳасининг 400 мингдан ортиқ иштирокчиларидан йиғилган маълумотлар киритилди. Булар орасида шифохона ёзувлари, шифокор қайдлари ва беморларнинг одатлари (масалан, чекиш) бор.
Кейин бу дастур Данияда синаб кўрилди. У ерда 1,9 миллион одамнинг маълумотлари текширилди ва натижалар тўғри чиқди. Масалан, дастур “10 фоиз хавф бор” деса, амалда ҳам шундай бўлди. Дастур кўпроқ диабет, юрак хуружи ва сепсис каби касалликларни яхши аниқлайди. Лекин тасодифий инфекцияларни аниқ айтиб бера олмайди.
У тиббиётда нимани ўзгартиради?
Сунъий интеллектнинг бу модели келажакда беморда қайси касаллик пайдо бўлиши мумкинлигини олдиндан кўрсатади. Шунда шифокор танада касаллик пайдо бўлмасидан аввал дори ёзиб бериши ёки беморга ҳаёт тарзини ўзгартиришни тавсия қилиши мумкин. Масалан, жигар касаллигига чалиниш эҳтимоли мавжуд бўлган одамга спиртли ичимликни чеклаш талаби қўйилади.
Ушбу технология нафақат касалликларнинг эрта олдини олиш учун фойдали, балки қаерда қанча бемор бўлишини аввалдан ҳисоблаб, статистик таҳлилларни ҳам чиқаришда асқатади. Масалан, 2030 йилда бир шаҳарда нечта юрак хуружи бўлишини айтади. Мазкур маълумотлар асосида шифохоналар сиғими ва беморларни қабул қилиш салоҳияти аввалдан ҳозирланади.
Тадқиқотчилар нима дейди?
“Бу инсон саломатлиги ва касалликларнинг қандай ривожланишини тушунишда янги давр бошланиши”, – дейди Германия Саратон тадқиқот марказининг (DKFZ) сунъий интеллект бўлими раҳбари, профессор Моритз Герстунг.
Унинг қўшимча қилишича, бундай сунъий интеллект дастурлари келажакда ҳар бир бемор учун алоҳида даволаш режасини тузиш ва бутун соғлиқни сақлаш тизимида қанча бемор бўлишини олдиндан аниқлашга ёрдам бериши мумкин.
Тадқиқот Nature журналида чоп этилган. Изланиш Европа молекуляр биология лабораторияси, Германия Саратон тадқиқот маркази (DKFZ) ва Копенгаген университети ҳамкорлигида олиб борилган.
Мутахассисларнинг таъкидлашича, ҳозирча моделни клиник қўллашдан олдин уни янада мукаммаллаштириш ва синаб кўриш керак. Муаммо шундаки, модел асосан 40–70 ёшдаги одамлар маълумотлари асосида ўқитилган, унинг салоҳияти барча ёшдаги одамлар саломатлигини тўлиқ ва тўғри таҳлил қилишга етмайди.
Маълум қилинишича, моделга тасвирлар, генетик маълумотлар ва қон таҳлиллари каби қўшимча тиббий маълумотларни киритиш режалаштирилмоқда.
Мавзуга оид
11:30 / 10.06.2026
Янги Siri: Apple сунъий интеллект пойгасига жиддий қўшилди
10:00 / 09.06.2026
Энг яхши AI стартаплар Президент соврини учун курашади
18:32 / 08.06.2026
Сунъий интеллект яратган вакцина одамларда муваффақиятли синаб кўрилди
09:05 / 06.06.2026