Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида 4 июль куни ёшлар билан манзилли ва тизимли ишлаш, улар учун муносиб шароитлар яратиш, бандлигини таъминлаш масалаларига бағишланган видеоселектор йиғилиши ўтказилди. 

«Ҳар бир ёшнинг жамиятда муносиб ўрнини топиши учун уларни қўллаб-қувватлаш ва зарур шарт-шароитлар яратишни ислоҳотларимизнинг муҳим йўналишларидан бири сифатида белгилаб, кенг кўламли амалий ишлар олиб бормоқдамиз. Жумладан, «Камолот» ёшлар ҳаракати негизида Ўзбекистон Ёшлар иттифоқини туздик, ёшлар билан ишлашда янги тизим ва ёндашувларни жорий этяпмиз. 30 июнда мамлакатимизда биринчи марта «Ёшлар куни»ни кенг нишонлаб, янги ижобий анъанани йўлга қўйдик», дея президент сўзларини келтирган президент матбуот хизмати. 

Йиғилишда шунингдек, ёшлар билан ишлашда ҳали камчиликлар кўплиги ҳам қайд этилди. Жумладан, Ёшлар иттифоқи тадбирларида дабдабабозлик, юзакилик кўзга ташланаётгани, ёшлар билан манзилли ишлашга, уларнинг муаммоларини ҳал этишга етарли эътибор берилмаётгани танқид қилинди. 

«Жойлардаги 4та сектор раҳбарларининг кўпчилиги ҳали ёшлар масаласи билан тўла шуғулланмаяпти. Ички ишлар идоралари, маҳалла қўмиталари, бошқа жамоатчилик ташкилотлари ва таълим муассасаларининг ҳам бу борадаги ишлари кўнгилдагидек эмас. Туман (шаҳар) ҳокимларининг ёшлар сиёсати, ижтимоий ривожлантириш ва маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосарлари, туман ички ишлар бўлими бошлиғининг ёшлар масалалари бўйича ўринбосарлари ишини ҳам қониқарли, деб бўлмайди. Баъзи ҳолларда эса ёшлар бўйича масъул лавозимлар вакант бўлиб қолмоқда», дейилган хабарда.

Бунинг оқибатида ёшларнинг ижтимоий муҳим масалалари эътиборсиз қолмоқда. Қаровсиз ва назоратсиз қолган ёшлар томонидан турли жиноятлар содир этилмоқда. 

Шу боис Ёшлар иттифоқи, тегишли вазирлик ва идораларга ёшлар билан ишлашни такомиллаштириш, уларнинг қаровсиз ва назоратсиз қолишининг олдини олиш, улар ўртасида жиноятларни кескин камайтириш бўйича топшириқлар берилди. 

Ёшларнинг бандлигини таъминлаш, уларни меҳнат бозорида талаб юқори бўлган мутахассислик ва бизнес кўникмаларига ўқитиш бўйича Тошкент вилоятининг Қуйичирчиқ ва Тошкент шаҳрининг Чилонзор туманида янги тизим синовдан ўтказилгани қайд этилди. 

Унга кўра, мутасадди идоралар вакилларидан иборат ишчи гуруҳи тузилиб, 14 ёшдан 30 ёшгача бўлган ёшлар тўғрисидаги маълумотларни ўзида акс эттирган туман паспорти ишлаб чиқилган. Маҳаллаларда «Ёшлар меҳнат гузарлари» ташкил этиш учун бино ва ер майдонлари ажратилиб, ташаббускор тадбиркорлар жалб қилинган. Тадбиркорлик, балиқчилик, боғдорчилик, савдо-сотиқ қилиш истагидаги йигит-қизларга зарур маблағ ва ресурслар берилган. Ёшларни қийнаб келаётган 1,5 мингдан зиёд муаммолар аниқланиб, 1 мингдан ортиғи жойида ҳал этилган, қолган 500 тасини ҳам ҳал этиш чоралари кўрилган.