Жаҳон чемпионати. 1/4 финал. 6 июль. БРАЗИЛИЯ – БЕЛЬГИЯ. 23.00 (Тошкент)
Жума оқшомида жаҳон чемпионатининг икки асосий фаворити Бразилия ва Бельгия терма жамоалари ярим финал йўлланмаси учун ўзаро куч синашади. «Трибуна» ушбу қарама-қаршиликда терма жамоаларнинг имкониятларига баҳо беради.
Қайси ҳужум чизиғи кучлироқ?

Ромелу Лукаку, Эден Азар, Кевин Де Брюйне, Дрис Мертенс тўртлиги Неймар, Габриэл Жезус, Коутиньо ва Виллиан тўртлигига қарши. Бу тўртликлар жанги жаҳон чемпионати финалини безаган бўларди. Турнирда бундай даражадаги юлдузлар қарама-қаршилигини бошқа учратмаймиз.
Бельгия – турнирнинг энг сермаҳсул терма жамоаси бўлиб турибди. «Қизил иблислар» ўтган 4 ўйинда ҳам ғалаба қозониб, жами 12 гол уришди. 4 ўйинда ҳам ғалаба қозонишни фақат Уругвай уддалаган, аммо жанубий америкаликлар 5та кам гол уришган.
Бельгия терма жамоаси ҳимоячиси Венсан Компанининг ҳисоблашича, «қизил иблислар» фақатгина футболчиларнинг индивидуал имкониятларига ишонч билдириши тўғри бўлмайди. «Биз камикадзелар» эмасмиз. Агар бир бутун жамоа бўлиб ҳаракатланмасак, бизда ғалаба қозониш имкони бўлмайди», деган 32 ёшли футболчи.
Бразилияликларнинг ҳужум тўртлиги анча вақтдан буён биргаликда, бутун бир механизм бўлиб ҳаракат қилмоқда. Бу тўртликда фақатгина Неймар ўзининг индивидуал маҳоратини намойиш этишга уриниб, алоҳида ажралиб қолиши мумкин. Аммо у охирги ўйинларда асосан жамоа ўйини учун қайғурди.
Ҳимоя масаласига келсак, Бельгия топ-терма жамоаларга хос бўлмаган тарзда кўп гол ўтказиб юбормоқда, Куртуа дарвозаси олдида кўплаб голли вазиятлар яратилишига йўл қўйиб берилмоқда. Россиядаги турнирда бельгияликлар дарвозасига шу вақтгача 4 гол уриб бўлишди. Бразилия эса бу турнирда ҳимояда деярли бехато ҳаракат қилмоқда, Тите жамоаси турнирнинг ҳимояда энг кам қўполлик ишлатган терма жамоаси бўлиб турибди, қолаверса бу жамоа дарвозаси томон энг кам зарба берилган. Бир сўз билан айтганда, Бразилия ҳимояси - метин девор. Статистикага қарайдиган бўлсак, Тиаго Силва ва Миранда жуфтлиги ўтган 4 ўйинда жами бўлиб 7 фол ишлатган, бельгиялик ҳимоячиларда эса бу кўрсаткич 14 фолга тенг.
Таркиб эмас, тактика бирламчи

















