Жамият | 12:32 / 12.07.2018
8389
3 дақиқада ўқилади

“Ҳожатбарор” валютафурушларга суд ҳукми ўқилди

2018 йилнинг 24 май куни Бухоро давлат тиббиёт институти қошидаги Ғиждувон академик лицейи биносида жиноят ишлари бўйича Ғиждувон туман судининг сайёр суд мажлиси бўлиб ўтди.

Ушбу суд мажлисида танишларига “холис” хизмат қилмоқчи бўлган бир гуруҳ валютафурушларга суд ҳукми ўқилди.

Воқеа тафсилотларига кўра, 2018 йилнинг 17 март куни Гўзал Камолова (исм-шарифлар ўзгартирилди) йўловчи автомашинаси ичида таниши Баротов Равшанни кўриб қолган. Ўзаро суҳбат давомида Гўзалнинг бир танишига АҚШ доллари кераклигини билган Равшан ўзининг “холис” хизматини таклиф қилган, яъни 80 миллион сўм пул эвазига 9.700 АҚШ доллари олиб беришни ваъда қилган.

Уйига қайтгач, бу таклифдан шубҳаланган Гўзал таниши Феруз Ғафуровга ушбу ҳолат ҳақида гапириб берган. Феруз унга ушбу валюта айирбошлаш фаолияти ноқонуний эканлигини айтиб, бу фаолиятга чек қўйиш мақсадида биргаликда Департаментнинг Ғиждувон туман бўлимига мурожаат қилишларини таклиф қилган.

Бу ҳолатдан бехабар Равшан мўмай даромад илинжида таниши Эркин Маҳкамовга қўнғироқ қилиб, 80 миллион сўм пулга АҚШ доллари топиб беришни сўраган. Эркин ҳам текин даромаддан қуруқ қолишни истамаган ҳолда “занжир реакциясини давом эттирган” ва таниши Нодир Каримовга телефон қилиб 80 миллион сўм пулга АҚШ доллари сотишни сўраган. Нарх келишилганидан сўнг Равшан Гўзалга қўнғироқ қилиб, учрашув жойини ва пулларни олиб келишини айтган.

Оқибатда, 2018 йилнинг 17 март куни соат тахминан 16:00ларда Бухоро шаҳри, Қ.Муртазоев кўчасида жойлашган “Паскуаль” кафеси ёнидаги “Авиакасса” биноси ичида фуқаролар Баротов Равшан, Маҳкамов Эркин ва Каримов Нодирлар фуқаро Ғафуров Ферузга Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг 13.03.2018 йилдаги курси бўйича 78.958.582 сўмга тенг бўлган 9.700 АҚШ долларининг ҳар бир АҚШ долларини 8247,4 сўмдан ҳисоблаб, жами 80.000.000 сўмга айирбошлаб бераётган вақтида ушланиб, улардан жами 9.700 АҚШ доллари миқдоридаги валюта қимматликлари ашёвий далил сифатида олинган.

Суд судланувчиларнинг айбига тўлиқ иқрорлигини, қилмишларидан пушаймонликларини инобатга олган ҳолда уларга нисбатан Жиноят Кодексининг махсус қисми моддасининг санкцияси доирасида мажбурий жамоат ишлари жазоси тайинлади.

Суд ҳукми 2018 йил 4 июнь куни қонуний кучга кирган.

 

Мавзуга оид