Халқ таълими вазири Шерзод Шерматов марказлашган маблағларни реал секторнинг ўрнига айнан таълимга сармоя қилиш зарурлигини таъкидлади. У бу ҳақда ўзининг фейсбукдаги расмий саҳифасида ёзиб қолдирган.
«Президентимиз томонидан жамиятда ўқитувчиларнинг обрўсини ошириш бўйича аниқ топшириқ берилди. Ҳозирда тегишли ҳужжатлар лойиҳалари тайёрланмоқда.
Ҳозирги вақтда афсуски республика миқёсида 11 мингдан ортиқ ўқитувчилик лавозимларида вакансиялар мавжуд ва 66 минг нафардан ортиқ олий таълим дипломига эга бўлмаган ўқитувчилар мактабларда фаолият юритишмоқда. Улар орасида эркак ўқитувчилар улуши 30 фоиздан кам экан. Тошкент шаҳрида эса бу кўрсаткич атиги 10 фоизни ташкил этади!
Бу муаммоларнинг асосий сабаби мактаб таълими тизимидаги ходимларнинг ойлик маошларининг ўта паст эканидир. Охирги уч йилликни сарҳисоб қиладиган бўлсак, умумий ўрта таълим соҳасида фаолият юритаётган ўқитувчиларнинг ойлик маошлари энг паст бўлиб, ўсиш суръати ҳам бошқа соҳа вакиллари маошларига солиштирганда анча паст бўлган. Натижада 2016 йилда мактаб таълими соҳасидаги ўртача ойлик Молия соҳасиникига нисбатан атиги 48 фоизни ташкил этган бўлса, бу йилга келиб 42 фоизгача камайганини кўриш мумкин.
Шунингдек, жойларда мактаб таълими тизими ходимларига мажбурий обуна (200дан ортиқ газета-журналларга), турли хил тадбирларга мажбурий чипталар сотиш, маошидан яна бошқа турли хил мажбурий ушланмалар олиб қолиниши натижасида ўқитувчиларнинг шундоқ ҳам кам бўлган ойлик маошлари унданда камайиб уларнинг қўлигача етиб бораяпти.
Кейин эса ҳайрон бўламиз: нега таълимда ота-оналардан турли хил йиғимлар кўпайган, таълим тизими сифати тушиб кетган, болаларнинг тарбияси ёмонлашаяпти, улар орасида жиноят ортаяпти, ўз жонига суиқасд қилиш ҳоллари кўпаймоқда деб...
Ҳамма ўз иши билан овора бўлиб, фарзандларининг асосий вақтини мактабда ўтказишини инобатга олсак, айнан мактабда яхши билим ва тарбия олган болалар келгуси ҳаётида муваффақиятга эришиш имкони кенгроқ бўлишини тушуниб етишимиз керак. Япония, Сингапур, Корея каби давлатларнинг ривожланишининг сири ҳам айнан ўқитувчиларнинг ойлик маошлари юқори қилиб белгилангани ва ҳар бир ўқитувчи ўрнига ўнлаб талабгорлар борлигидадир.
Шу фурсатдан фойдаланиб, ҳурматли молиячиларимиздан Президентимиз томонидан қўйилган ушбу вазифанинг ечимига бу сафар бошқача ёндашишларини, аввалгидек турли баҳоналар топиш эмас, балки қўйилган вазифани ижобий ечиш йўлларини топишга ҳаракат қилишларини сўраб қоламиз.
















