Иқтисодиёт | 13:00 / 15.07.2018
28547
2 дақиқада ўқилади

Молия вазирлиги давлат ташкилотларидаги йирик камомад ва ўзлаштиришлар ҳақида маълум қилди

Фото: Advantour

Давлат молиявий назорати бош бошқармаси ва унинг ҳудудий бошқармалари томонидан ўтказилган текширувлар натижасида 2018 йилнинг биринчи ярим йилида молиявий интизомга риоя қилинмай сарфланган маблағлар 279,2 млрд.сўмни, шундан камомад ва ўзлаштиришлар 35,9 млрд.сўмни, ноқонуний харажатлар 122,6 млрд.сўмни ва Молия вазирлиги ҳузуридаги жамғармалар маблағлари ҳисобидан мақсадсиз ишлатилган маблағлар 120,7 млрд.сўмни ташкил этгани аниқланди.

Бюджет ва бюджет маблағлари олувчи ташкилотлар бўйича ўтказилган назорат тадбирларида 21,7 млрд.сўм маблағ нотўғри сарфлангани аниқланди, шундан 1126та субъект бўйича (18,7 млрд.сўм) назорат тадбири материаллари ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига топширилди. Шунингдек, бюджет интизомини бузган бюджет ташкилотларининг 62 нафар раҳбар ва мансабдор шахслари 34,1 млн.сўм миқдорида маъмурий жавобгарликка тортилди.

85та хўжалик юритувчи субъектларда 103,6 млрд.сўм миқдорида ноқонуний харажатлар аниқланган ҳамда текшириш материаллари қонуний чора кўриш учун ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига топширилган. Ушбу субъектларда аниқланган 11,5 млрд.сўм миқдоридаги ноқонуний харажатларни тикланиши таъминланган.

Бошқа йўналишлар (ҳукумат томонидан кафолатланган кредит, Болалар спортини ривожлантириш жамғармаси ва бошқалар) бўйича 32та назорат тадбирлари ўтказилиб, уларнинг 28тасида 1,3 млрд. сўм миқдорида камомад, ўзлаштириш ва ноқонуний харажатларга йўл қўйилгани аниқланиб, шундан 0,7 млрд. сўми белгиланган тартибда бюджетга тикланиши таъминланди.

Шунингдек, молиявий қонун бузилишлар аниқланган 1,3 млрд.сўм миқдоридаги 30та текшириш материаллари ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига топширилди.

Дилшод Аскаров
Тайёрлаган Дилшод Аскаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид