Шу йилнинг 30 апрель куни Ўзбекистонда автомобиллар ойнасини қорайтиришга рухсат бериш ҳақидаги жамоавий мурожаат “Менинг фикрим” порталида жойлаштирилган эди. 2018 йилнинг 15 июлига қадар мазкур мурожаатни қўллаб-қувватлаб 12 минг 400дан зиёд портал фойдаланувчилари овоз беришди. Ўрнатилган тартибга кўра, яъни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг палаталарига юборилган мурожаат фуқароларнинг камида 10 000та овозини тўпласа, белгиланган тартибда кўриб чиқиш учун Парламентга тақдим этилиши лозим.
Шунга кўра, Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги томонидан “Туси ўзгартирилган (қорайтирилган) ойнали автотранспорт воситаларидан фойдаланишни тартибга солиш чоралари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарори лойиҳаси ишлаб чиқилиб, 2018 йилнинг 28 июнь куни regulation.gov.uz сайтида жамоатчилик муҳокамасига қўйилди. Унда таъкидланишича, ҳужжат лойиҳаси транспорт воситалари ҳайдовчилари, жумладан юртимизда меҳмон бўлиб турган сайёҳлар учун қулай шароитлар яратиш, шунингдек туси ўзгартирилган (қорайтирилган) ойнали транспорт воситаларидан фойдаланишни тартибга солиш мақсадида ишлаб чиқилган.
"Тараққиёт стратегияси" марказининг ёзишича, Ўзбекистоннинг иссиқ иқлим шароитини, хусусан йилнинг ўртача 300 куни қуёшли бўлишини инобатга олганда ҳолда, транспорт воситаларида қорайтирилган ойналардан фойдаланиш ўринли ва кўплаб қулайликларга эга. Жумладан, транспорт воситаси салонидаги йўловчиларга ультра бинафша нурларнинг зарарли таъсирини қайтариш, иссиқ ва офтоб уришидан ҳимоя қилиш, тўғридан-тўғри қуёш нури ва бошқа транспорт воситаларининг чироқ нурларидан кўз толиқишини олдини олиш ҳамда транспорт воситаси салонидаги мато ва қисмларнинг офтоб нуридан зарарланишининг олди олинади.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2015 йил 24 декабрдаги 370-сонли қарори билан тасдиқланган тартибга кўра, барча транспорт воситаларининг олд, ён ва орқа томондаги ойналарининг ёруғлик ўтказиши камида 70 фоиз бўлиши шартлиги белгиланган. Бундай норманинг қўлланилиши учун жамоат тартиби ва хавфсизлик нуқтаи назардан қандайдир асослар бўлиши мумкин, лекин бу фуқароларга қатор ноқулайликлар туғдиради.
Шу ўринда савол туғилади: Туси ўзгартирилган ойналарга эга бўлган транспорт воситалари иштирокида содир этилган йўл транспорт ҳодисалари ҳақида маълумот борми, ойнанинг туси ўзгартирилганлиги ҳайдовчига қандай таъсир ўтказади? Бу борада, афсуски, асослантирилган жавоб ва маълумот мавжуд эмас.
Маълум қилинишича, қарор лойиҳаси интернет тармоғи фойдаланувчиларининг қизғин баҳс ва мунозараларига сабаб бўлмоқда, биргина regulation.gov.uz порталида ҳужжат лойиҳаси бўйича фуқаролардан 100 дан ортиқ савол ва таклифлар келиб тушган.
















