Спорт | 15:10 / 17.07.2018
29499
6 дақиқада ўқилади

Ҳафта саволи: Роналдунинг трансфери футболка сотуви орқали қопландими?

Криштиану Роналду «Ювентус»га 112 миллион евро эвазига ўтгач, кейинги кун воқеалари табиий равишда, футболчи трансфери устидан маркетинг масаласи, мисол учун, Роналду исми туширилган футболкаларнинг сотилиши ҳақида хабарлар кўпайди. 16 июль кунига келиб «Ювентус» 55 миллион евролик футболка сотгани ҳақида маълумот тақдим этилгач, гўёки, ушбу трансфер қийматининг қарийб ярми жуда қисқа муддатда қоплангани ҳақида ёза бошлашди. Бу ҳақида айниқса, футболга ихтисослашмаган янгилик сайтлари бонг уришди.

Фото AFP

Аслида ҳам шундайми? Агар қандайдир ҳафта ичида энг қиммат трансферларни ҳам қоплаш мумкин бўлса, нега клублар бундай ишга тез-тез қўл уришмайди? Нега футболчининг нархи шунга яраша яна бир неча баробар қиммат бўлиб кетмаган?

Бу нотўғри фикр. Adidas, Nike каби компаниялар тузиладиган ҳомийлик шартномалари оддий ҳомийлик шартномаларидан фарқ қилади. Мисол учун, Adidas «Ювентус» билан катта миқдорда шартнома туздими, бу компаниянинг ўз маҳсулотларида клуб брендидан фойдаланиш имконини ҳам беради. Ушбу компанияларнинг мана шундай йирик трансферларда бош-қош бўлишлари (Погбанинг «МЮ»га ўтишдаги ҳолатни эсланг) ҳам шундан. Компания ўзи ҳомийлик қилаётган клубларда имкон қадар бренд футболчиларнинг, юлдузларнинг тўп суришини исташади. Бу баъзида жамоанинг футболдаги натижаларидан ҳам каттароқ аҳамият касб этиб юборади.  

Албатта, Роналдунинг трансфери «Ювентус»га маркетинг соҳасида катта даромадларни олиб келиши бор гап. Клуб имижи, дунё бўйлаб эътиборнинг ошиши, трансляциялардаги улуш ўз-ўзидан клубнинг маркетинг бўйича музокараларида қўл келади, келишув суммаларини сезиларли даражада ошириши турган гап. Масалан, Роналдунинг Туринга ўтиши ҳақидаги миш-мишлар пайдо бўлган кундан бошлаб бугунгача, «Ювентус»нинг акциялари 33 фоизга ошган. Аммо юқорида айтилганидек, клубларнинг футболка сотиш орқали трансфер қийматини осонгина қоплашлари тўғри маълумот эмас.

Футболкалар, клуб либосларини ишлаб чиқариш, сотиш ва фойда кўриш билан клуб эмас, айнан Adidas, Nike каби компаниялар шуғулланишади. Клублар фақат аввалдан белгилаб қўйилган йиллик тўловларни ва қўшимча футболкалар сотувидан тушган даромаднинг 10-15 фоизини олади, холос. Мисол учун, Adidas Роналдунинг футболкасидан 55 миллион евро даромад қилган бўлса, «Ювентус»га шундоқ ҳам ҳар йили оладиган суммасига қўшиб, 55 миллионнинг 10-15 фоизи – 5-8 миллион евро бериши мумкин холос. Яъни, йирик трансфернинг тўлиғича, ҳатто ярми ҳам сотилаётган футболкалар ёрдамида қопланиши деярли имконсиз иш.

Бундан ташқари, янги футболчининг трансфери футболка бозорини ларзага келтира олмайди. Аксарият ҳолларда, шундоқ ҳам ҳар йили футболка сотиб оладиган мухлислар бу сафар янги юлдуз футболчининг либосини сотиб олишга уринишади. Яъни, юлдуз футболчининг футболкаси бошқалардан кўпроқ сотилишининг ортида қайсидир бошқа футболчининг футболкаси сотилмаслиги, савдосининг камайиши ётади.

Тўғри, Криштиану Роналду – истисно, дунё бўйлаб унинг персонал мухлислари миллионлаб топилади. Ёки футболчи туғилиб ўсган юртда савдо сезиларли ошиши (эсингизда бўлса, «Манчестер Юнайтед» ва «Арсенал» клублари ўз сафларига хитойлик футболчиларни қўшиб олгандилар) кузатилиши холос. Бошқа жойлардаги «Ювентус» мухлислари эса, шундоғам футболка сотиб олишни режалаштирган бўлишади ва харидни амалга оширганда - шунчаки, янги футболчи исми туширилган футболкани танлашади.

55 миллион евро қаердан келди?

Фото AFP

Ҳозирда Роналду исми туширилган 520 минг дона футболка сотилгани айтилмоқда. Айтайлик, 2016 йилда «Ювентус» сотган футболкалар сони 850 минг донани ташкил этган. «Манчестер Юнайтед», «Реал» каби грандлар эса, йилига 3 миллионга яқин футболка сотади. Тахмин қилиш мумкинки, «Ювентус»нинг кўрсаткичи ҳар доимгисидан бир неча баробар ошиб кетмайди.

520 минг футболка сотув нархидаги 105 еврога кўпайтирилиб, 55 миллион еврога яқин суммани чиқаришяпти. Аммо шуни ҳам эътиборга олиш керакки, 105 евро футболканинг сотилиш нархи бўлиб, унинг ичида маҳсулот таннархи, логистика харажатлари ва солиқлар ҳам бор. Яъни, 55 миллион евро фойда эмас, даромад, фойда бу суммадан сезиларли кам бўлиши аниқ. Нафақат «Ювентус», ҳатто Adidas ҳам Роналдунинг футболкаларидан юқоридаги кўрсатилган суммадаги фойдани олгани йўқ.

Савол туғилиши мумкин, нега клубларнинг ўзи футболка ишлаб чиқаришни йўлга қўйиб, катта даромадлар қилишмайди?

Фото REUTERS

Жавоби оддий, футбол клублари спорт формаси ишлаб чиқарувчи корхона эмас. Уларнинг дистрибьюторлардан иборат глобал тармоғи ҳам, логистика марказлари ҳам, минглаб, балки миллион либосларни ишлаб чиқариш ва етказиб беришни йўлга қўя оладиган имкониятлари ҳам йўқ. Клублар ҳатто ўзларининг интернет-магазинларини бошқаришда товарларни етказиб бериш учун бошқа логистик компаниялар ҳизматига мурожаат қилишга мажбур бўлади, бу эса либос ишлаб чиқарувчи компанияларнинг иши олдида ҳеч нарса эмас. 

Футбол клубларида бу соҳанинг наҳанглари олдида ресурс ҳам, нон ҳам йўқ. Футбол клублари кўзимизда қанчалик йирик кўринмасин, Adidas ёки Nike компаниялари олдида жуда кичикдир. Хусусан, Nike компаниясининг сўнгги 4 ойлик даромади 7 миллиард доллардан ошди - бу эса, «Челси»нинг 112 йиллик тарихида қилган даромадларидан кўпроқдир. 

Қаҳрамон Асланов тайёрлади

Мавзуга оид