Фан-техника | 12:50 / 17.07.2018
9360
3 дақиқада ўқилади

Инсон ички ҳиссиётларини аниқлаб берувчи камера яратилди

Фото: AFFECTIVA

Юздаги эмоцияларни аниқлаш технологияси такомиллашиб боряпти. У нимани ҳис қиляётганимизни, шубҳали хатти-ҳаракатларни аниқлаб бериш имкониятига эга. Бироқ бу шахсий ҳаёт ва фуқаролик эркинлигига қандай таъсир кўрсатади?

Технологиянинг ушбу жабҳаси сунъий интеллект ривожланиши билан баравар ўсиб бормоқда ва бугунги кунда смартфонлар паролини очиш, жиноятчиларни аниқлаш, банк операциялари ўтказишни амалга оширмоқда. Бир қанча компаниялар ушбу технология бизнинг ҳиссий ҳолатимизни ҳам баҳолаш қудратига эгалигини таъкидлашмоқда. Ўтган асрнинг 70-йилларидан бери руҳшунослар фотосурат ва видеодан одам юзидаги «микро ифодалар»ни ўрганиш орқали яширин ҳиссиётларни аниқлай олишмоқда. Алгоритм амаллари ва юқори кўрсаткичли камералар ушбу жараённи аниқликда бажара олади.

HIS Markit’да видеокузатув бўйича эксперт Оливер Филиппоу шундай дейди: «Камералар ҳозирги пайтда тижорат мақсадларида фойдаланилаётганидан хабарингиз бор. Савдо нуқталарида ўрнатилган камералар одамларнинг шахсини аниқлаш эмас, уларнинг ёшини билиш учун йўлакларга ўрнатилади. У фақат товарлар кўпроқ сотилишига ёрдам бера олиши мумкин».

Маркетинг тадқиқот агентлиги Кантар Миллворд Браун Affektiva (АҚШ) компанияси томонидан ишлаб чиқилган технология орқали харидорлар ТВ рекламаларга нисбатан қай даражада реакция пайдо қилишини баҳолашга уринди. Affektiva инсон юзини (уларнинг рухсати билан) тасвирга олади. Сўнг уларнинг юз ифодаларидан нима ҳақида ўйлаётганларини аниқлайди.

«Биз инсонлар билан суҳбатлашамиз. Уларнинг хатти-ҳаракатларида кўпроқ фарқни кўряпмиз», деди компания бошқарувчи директори Греҳэм Пейж.

Шубҳа, жаҳл ҳиссиётлари яққол юз ифодасида ҳосил бўлмайди. АҚШдаги яна бир етакчи компаниялардан бири бўлган WeSee гумондор шахсларни сўроқ қилиш пайтида ички ҳиссиётларини билиш усуллари устида ишламоқда. Бош ижрочи директор Девид Фултон BBC нашрига берган интервьюсида шундай дея ишонч билдирган: «Келажакда видеокамералар шубҳали ҳаракатни аниқлаши ва хавф солувчи терактлар ҳақида мутасаддиларга хабар бериши мумкин. Одамлар гавжум ҳудудларда ҳам шундай имконият яратилади».

Лекин жаноб Филиппоу бу борада ишончсизлик билан қарамоқда: «Юз ифодасини аниқлаш учун келадиган бўлсак, ҳалиям кўплаб хатолар мавжуд. Тажрибали фирмалар ҳам инсонларни 90-92 фоиз аниқлаб бериши мумкин».

Privacy International ходими Фредерике Калтуннер ҳиссиётни видеокузатувдан ўтказиш, юз ифодасидан шахсни аниқлаш инсон дахлсизлигига раҳна солувчи жиҳатлар эканлигини таъкидлади.

Мавзуга оид