Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Алишер Ҳамроев Facebook’даги саҳифаси орқали жамиятдаги жирканч иллат – коррупция ва порахўрлик ҳақида фикр-мулоҳазаларини билдирди. Қуйида ушбу депутат фикрлари билан танишиш имконига эгасиз.
Кулоҳни биласиз: қаландар ва дарвешлар киядиган учли қалпоқ. Ўтмишимизда у билан боғлиқ ажойиб воқеа бор.
Баҳодир Ялангтўш (Низомиддин Ялангтўшбий Оталиқ, 1576-1656 й) Самарқандга бир эмас икки марта (1612 ва 1645 йилларда) ҳоким этиб тайинланган. У салтанат ва Самарқанд халқи олдидаги хизматлари учун “Оталиқ” унвонига (“Эл отаси” маъносини англади) сазовор бўлган. Тарихда ҳар қандай ҳоким бундай унвонга лойиқ бўлавермаган.
Хўш, Баҳодир Ялангтўш қандай хизматлар қилганки, бундай юксак унвонга сазовор бўлган?
Тарихий манбаларга кўра, моҳир саркарда сифатида душманлар устидан қозонган ғалабалари, салтанат сарҳадларини дахлсиз сақлашдаги хизматлари, Самарқанд музофотини обод, қўрғонини мустаҳкам, элини фаровон этган, азим шаҳардаги яратувчилик ишлари учун Ялангтўшбий “Эл отаси” унвонига лойиқ топилган.
Таажжубки, ана шундай юксак рутбадаги инсон туну-кун дарвешлар қалпоғи — кулоҳ кийиб юрар экан. Ўша кезларда Самарқанднинг Регистон майдони теграсида жойлашган бозорни айланишни хуш кўрган ҳокиму мутлақ Ялангтўшбийни оддий фақиру-фуқаролардан ажратиб бўлмас, чунки эгнидаги коржомаси ҳамин қадар эл қатори бўлар экан.
...Бир куни у кишига ҳамроҳ ғазначи ва бир навкар гавжум жойда ҳокимнинг қаландар кулоҳини қора қилиб эргашиб борар эди. Мавсум боши бўлгани учунми, ҳоким қовун сотаётган бир деҳқон йигитнинг олдида тўхтабди. Чоғроқ қовунлардан қўлига олиб, шапатилаб-шапатилаб кўриб, икки донасини ажратибди. Нархини сўраб, савдолашибди. Нарх бичилгач, ҳоким белбоғига илинган ҳамённи пайпасласа, ҳамён бўш эмиш... Ҳоким буни кузатиб турган деҳқонга жилмайибди-да, ёнида эргашиб юрган ғазначига юзланиб, “Ғазнадаги маошимдан ҳақим борми?” деб сўрабди. Ғазначи қўлини кўксига қўйган ҳолда икки букилиб, “Ғазна сизнинг ихтиёрингизда, тақсир” дебди. Ялангтўшбий қошини чимириб, унга қаттиқ тикилганча, “Ғазна билан менинг маошимни адаштирманг!” дебди. Ғазначи гапни тушуниб, “ҳақингиз йўқ” деган ишора берибди-да, мулзам бўлганча, бир қадам тисланиб, жим тураверибди.
Баҳодир Ялангтўш бошидаги кулоҳини авайлаб ечиб, деҳқон йигитга узатибдида “Шу кулоҳга айирган қовунларимни берасанми?” дебди. Деҳқон кулоҳни қўлига олиб, кўздан кечиргач, “Жуда эски экан-да, тақсир” дебди. Савдога гувоҳ бўлиб турган навкар ҳокимнинг орқасидан туриб, деҳқонга имо-ишора қилар, гоҳ бош бармоғи билан қароргоҳ томонни кўрсатар, гоҳ чопон ёқасини очиб, тўшини яланг қилар эди.















