Ўзбекистон | 18:10 / 18.07.2018
215880
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда автомобиль ойнасини қорайтиришга рухсат берилди

Туси ўзгартирилган (қорайтирилган) ойнали енгил автотранспорт воситаларидан фойдаланишни тартибга солиш чора-тадбирлари тўғрисида ҳукумат қарори қабул қилинди, деб хабар берди Адлия вазирлигининг Телеграмдаги «Ҳуқуқий ахборот» канали.

Хабарда билдирилишича, қарорга мувофиқ 2018 йил 1 августдан қорайтирилган ойнали енгил автотранспорт воситаларидан пулли асосда фойдаланишга рухсат берилди.

Ойналарни қорайтириш Ички ишлар вазирлиги ҳузуридаги «Инновация лойиҳалари ва аҳолига сервис хизматлари кўрсатиш маркази» ДУК томонидан амалга оширилади.

Ойналарни қорайтириш учун Давлат йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати (ДЙҲХХ)дан рухсатнома (1 йилга берилади) олиш керак.

Орқа ойнани ёруғлик ўтказувчанлик беш фоиздан кам бўлмаган (95 фоизга қорайтириш), орқа ён ойналарни ёруғлик ўтказувчанлик 30 фоиздан кам бўлмаган (70 фоизга қорайтириш) даражада ўзгартириш мумкин.

Олд ойнанинг тепа қисмини 14 сантиметрдан кўп бўлмаган ва ёруғлик ўтказувчанлик 30 фоиздан кам бўлмаган шаклда ўзгартириш учун рухсатнома шарт эмас.

Хорижий давлатларнинг ойналари қорайтирилган енгил автотранспорт воситалари Ўзбекистонга вақтинча кириши ва транзит ҳаракатланиши учун 15 АҚШ доллари миқдорида йиғим ундирилади.

Қорайтиришга рухсатнома берганлик учун тўлов жисмоний шахсларга энг кам иш ҳақининг 90 баравари (16 587 000 сўм), юридик шахсларга энг кам иш ҳақининг 120 баравари (22 116 000 сўм) ва хорижий давлатлар юридик шахсларига энг кам иш ҳақининг 140 баравари (25 802 000 сўм) этиб белгиланди.

Аввалроқ «Тараққиёт стратегияси» маркази экспертлари автомобиллар ойнасини қорайтиришга рухсатнома берганлик учун тўлов миқдори юқорилигини билдирган эди.

Мавзуга оид