Ўзбекистон Миллий матбуот марказида Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги томонидан «Аҳолини арзон ва сифатли дори-дармон билан таъминлаш тиббиёт соҳасида ўтказилаётган ислоҳотларнинг бош мақсадларидан бири» мавзусида матбуот анжумани бўлиб ўтди.
Унда Соғлиқни сақлаш вазири Алишер Шодмонов қайд этганидек, инсон саломатлигини муҳофазалашда замонавий тиббий ёрдам билан бир қаторда, аҳоли ва тиббиёт муассасаларини сифатли дори-дармон билан таъминлаш ҳам муҳим омил ҳисобланади. Мамлакатимизда жадаллик билан амалга оширилаётган тиббий-ижтимоий ислоҳотларнинг бугунги босқичида бу борадаги вазифалар ижросига устувор аҳамият қаратилмоқда.
Хусусан, кейинги икки йилда соҳанинг ҳуқуқий асосларини такомиллаштириш мақсадида йигирмага яқин ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинди. Улар асосида фармацевтика тармоғининг давлат бошқаруви тизими қайта кўриб чиқилиб, Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузурида Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги ташкил этилди, маҳаллий ишлаб чиқарувчиларга солиқ ва божхона имтиёзлари берилди.
«Эътиборли томони, давлат тиббиёт ташкилотларига дори воситалари ва тиббий буюмлар сотиб олиш учун 2018 йилда 914,6 млрд. сўм, яъни 2017 йилга нисбатан 2,5 баробар кўп маблағ йўналтирилди. Шунингдек, халқаро амалиётни ҳисобга олган ҳолда асосий касалликларга ташхис қўйиш, уларни даволаш ва клиник протоколлар стандартларининг янги жадвали тасдиқланди», дейилади Соғлиқни сақлаш вазирлиги ахборот хизмати хабарида.
Айтиш жоизки, ҳозирда мамлакатимизда 152та фармацевтика корхонаси фаолият юритяпти. Улар томонидан ишлаб чиқарилаётган 2500 номга яқин дори-дармон тиббиётимиз амалиётида кенг қўлланилаяпти. Бундан ташқари, республикамизда чет эллик инвесторларга яратиб берилаётган қулай шарт-шароитлар сабабли, йилдан-йилга хорижий инвесторлар томонидан Ўзбекистон фармацевтика саноатига киритилаётган тўғридан-тўғри инвестициялар улуши ортмоқда. Ҳозирги кунда хорижий инвестициялар иштирокида умумий қиймати 123,9 млн. АҚШ долларига тенг 9та инвестицион лойиҳа амалга оширилмоқда. Шундан 87,32 млн. АҚШ доллари тўғридан-тўғри чет эл инвестицияларидир. Ушбу инвестициялар, асосан, Хитой, Ҳиндистон, Германия, Буюк Британия ва Туркия инвесторлари томонидан киритилмоқда.
Маълумки, аҳолининг дори-дармонга бўлган эҳтиёжини тўлиқ қондириш учун фармацевтика саноатини янада ривожлантириш, самарали, ва шифобахш тиббий воситаларни ўзимизда ишлаб чиқариш муҳим аҳамиятга эга.
Шундан келиб чиққан ҳолда фармацевтика тармоғини жадал ривожлантириш учун қулай шарт-шаротларни таъминлаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 7 ноябрдаги «Фармацевтика тармоғини бошқариш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлар тўғрисида»ги ПҚ-3532-сонли қарори қабул қилинди













