Қонун ҳужжатлари мазмун-моҳияти ва аҳамиятини аҳолига етказиш бўйича Адлия вазирлиги томонидан ҳар ҳафта “Адлия ахбороти” номли брифинг ўтказиб келинмоқда. Шунга кўра, ушбу ҳафта давомида қабул қилинган бир қатор муҳим қонун ҳужжатлари юзасидан аҳолига маълумот бериш мақсадида 2018 йилнинг 20 июль куни навбатдаги “Адлия ахбороти” брифинги ташкил этилди. 

Адлия вазирлиги Жамоатчилик билан алоқалар бўлими хабарига кўра, тадбирда Ўзбекистон Республикаси президентининг “Суд-ҳуқуқ тизимини янада такомиллаштириш ва суд ҳокимияти органларига ишончни ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони, “2018 йилда қишлоқ жойларда янгиланган намунавий лойиҳалар бўйича арзон уй-жойлар ва шаҳарларда арзон кўп квартирали уйлар қуриш дастурларини амалга ошириш механизмларини такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори каби қатор қонун ҳужжатлари ҳақида батафсил маълумотлар берилди. 

Фото: Адлия вазирлиги матбуот хизмати

Брифингдан сўнг ОАВ учун Ўзбекистон Республикаси президентининг “Аҳоли бандлигини таъминлаш борасидаги ишларни такомиллаштириш ва самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорида назарда  тутилган муҳим янгиликларни тушунтириш учун соҳа мутахассислари иштирокида матбуот анжумани ҳам ташкил этилди.

Анжуманда билдирилишича, қарорга мувофиқ, Бандликка кўмаклашиш давлат жамғармасига 2018 йилда 150 миллиард сўм ажратиш, 2019 йилдан бошлаб эса бюджет параметрларида 300 миллиард сўмдан кам бўлмаган миқдорда қўшимча маблағлар ажратишни назарда тутиш белгиланди.

Фото: Адлия вазирлиги матбуот хизмати

Шу билан бирга, ОАВ ва кенг жамоатчиликка мамлакатда инвестицион муҳитни янада яхшилаш, тўғридан-тўғри инвестицияларни жалб қилишни рағбатлантириш, мазкур йўналишда давлат сиёсатининг изчиллигига инвесторларнинг ишончини мустаҳкамлаш мақсадида Адлия вазирлиги Бош прокуратура билан биргаликда тайёрланган инвестицион муҳитни тубдан яхшилашга қаратилган Ўзбекистон Республикаси президентининг фармони лойиҳаси ҳақида ҳам тушунтиришлар берилди.