Ўзбекистон Республикаси президенти “Тошкент шаҳрида “ММФИ” миллий тадқиқот ядро университети” федерал давлат автоном олий таълим муассасасининг филиалини ташкил этиш ва унинг фаолиятини ташкиллаштириш тўғрисида”ги қарорни имзолади.

Ҳужжат билан Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Инновацион ривожланиш вазирлиги, “Росатом” атом энергияси бўйича давлат корпорацияси, “ММФИ” миллий тадқиқот ядро университети” федерал давлат автоном олий таълим муассасасининг (Россия Федерацияси) Тошкент шаҳрида “ММФИ” миллий тадқиқот ядро университети” федерал давлат автоном олий таълим муассасасининг филиалини таъсис этиш тўғрисидаги таклифига розилик берилди.

Қуйидагилар “ММФИ” МТЯУ филиали фаолиятининг асосий йўналишлари ҳисобланади:

ядро энергетикаси ва иссиқлик физикасининг тармоқ эҳтиёжларини қондириш учун энг муҳим илмий-технологик ишлаб чиқариш вазифаларини ҳал этишга қодир бўлган юқори малакали муҳандис-техник кадрларни халқаро таълим стандартлари даражасида тайёрлаш;

мутахассислар ва илмий кадрлар тайёрлаш тизимини таълим ва илм-фан узлуксизлиги ва изчиллиги принципи, шунингдек, жаҳон таълим ҳамда илмий ҳамжамиятига мувофиқ равишда албатта интеграциялаштириш асосида ривожлантириш;

ядро физикаси соҳасида фундаментал ва амалий илмий тадқиқотлар ўтказиш;

муҳандис-техник кадрлар тайёрлаш тизимини такомиллаштириш ҳамда модернизация қилишга йўналтирилган янги таълим дастурлари ва ўқитиш шаклларини ишлаб чиқиш ҳамда жорий этиш;

педагогик салоҳиятни ривожлантиришни қўллаб-қувватлаш, ўқитишнинг педагогик услублари ва технологияларини фаол такомиллаштириш;

таълим ва илмий-техник соҳаларда хорижий мамлакатларнинг етакчи таълим муассасалари ва илмий-тадқиқот марказлари билан узоқ муддатли муносабатларни ривожлантириш ҳамда мустаҳкамлаш.

Белгилаб қўйилишича:

“ММФИ” МТЯУ филиали олий таълим муассасаси – юридик шахс мақомига эга бўлган нотижорат ташкилот шаклидаги Ўзбекистон Республикаси резиденти ҳисобланади;

“ММФИ” МТЯУ филиали “ММФИ” миллий тадқиқот ядро университети” федерал давлат автоном олий таълим муассасасининг (Россия Федерацияси) (кейинги ўринларда – бош муассаса) алоҳида бўлинмаси сифатида кадрларга бўлган талабни ҳисобга олган ҳолда, бош муассаса билан келишилган ўқитишнинг асосий йўналишлари (мутахассисликлари) бўйича мутахассислар тайёрлайди, қайта тайёрлайди ва уларнинг малакасини оширади, шу жумладан, илмий-педагог кадрлар тайёрлайди;