«20 йил бўлади, орзу қилганман. Шу ерда ўқишни...20 йилдан бери орзу қиламан», — дейди 4 йилдан буён Ички ишлар Академиясида таҳсил олишни истаб, имтиҳонлардан ўтолмаган абитуриент.
Шахси сир қолиши шарти билан Kun.uz'га интервью берган йигитнинг сўзларига кўра, у ёшлигидан ички ишлар органларида меҳнат қилиб, шу касбда фаолият юритишни орзу қилади.
«Шунчаки ўқишнинг ўзи қийин. Масалан, лицейга бориш жараёнида кийим йўқ, туфли йиртиқлиги туфайли 2- курсда умуман [ўқишга] бормаганман. У ёқда оддий одамлар ҳам ўқийди, ҳар куни, кундалик кийим кийиб боради. Мен эса битта кийимда боришга қисиниб қолганман. Уялиб қолганман», — дея ўрта махсус таълим пайтидаги даврларни эслади у.
Суҳбатдошнинг айтишича, биринчи марта унинг орзусидаги ўқишга ҳужжатларини топшириш учун оиласи рухсат бермаган. Сабаби - пул.
«Академияга ҳужжат тайёрлаш жуда қийин, шифокор кўриги, ҳаммаси - қиммат. Битта ЭКГдан ўтиш 60 минг сўм туради. Лекин мен бу ёққа [Академияга] номзод бўлиб келяпман. Ҳужжат қиламиз, ҳамма нарсани тиқиш керак. Шуларнинг харажатини ўйлаб, топширтиришмади», — дейди у.
Унинг ўқишга бўлган қизиқиши сўнди, аммо умидини сўндирмай, армияда хизмат қилишни ўйлай бошлади. Аммо, отаси вафот этган, оилада онасининг ёлғиз боқувчиси бўлган суҳбатдошимизни армияга ҳам олишмади.
«Армияга кетиш чоғимда,«қизил»да ташлаб кетишди. Қонун бўйича тўғри келмайсан, деди, вассалом. Мен эса умид билан «Кетаман», деб қувониб тургандим. Шундан кейин, умуман ҳаётга қизиқишим қолмади. Уйимдагилар«бали пастроқ экан» дея математика-физика факультетига ҳужжатларимни топширтиришди. Лекин менда қизиқиш йўқ. Қўлдан келганча ўргандим, лекин тортмади, ўқимай қўйдим, киролмадим ҳам.
Кейинги йилга ўзимга мақсад қўйдим: ўзи орзунг нима эди? Эслаб қол! Йиқилгандан кейин уйда бир ой ётдим, ҳеч нима қилолмадим, бир ой уйдан чиқмадим. Ўзимга ўзим савол беравердим. Орзунг нима?
Яқинларим мени ёқтирмай қолса ҳам, Ватан мендан воз кечмаган-ку. «Бўлди, сен ёмон боласан», деб ташлаб қўймаяпти. Мен доим бошқалар билан тенг ҳуқуқли бўлганман, ҳуқуқим тенг. Шунда айтгандим: мен ўқишга кираман. Ватан мендан воз кечмабдими, мен ҳам ундан воз кечмайман, олдимдаги бурчимни бажараман.
Қурувчи бўлсанг, ё устоз бўлсанг ҳам, тўғри, Ватанга хизмат қиласан. Лекин, орган соҳасида ишлаш бу - олдинги қаторларда туриб, ўз бурчингни бажариш. Тайёргарлик бошладим, энди», — дейди тўлқинланиб у.















