Шавкат Мирзиёев бугун 61 ёшга тўлди
Бугун, 24 июль куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Миромонович Мирзиёев 61 ёшни қаршилади. Кун давомида дунё давлатлари раҳбарларидан қутловлар келиши давом этмоқда.
Шавкат Мирзиёев 1957 йилнинг 24 июлида Жиззах вилоятининг Зомин туманида, шифокор оиласида туғилган. 1981 йили Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институтини тугатган. Муҳандис-механик мутахассислигига эга. Техника фанлари номзоди, доцент.
Меҳнат фаолиятини 1981 йилда Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институтида бошлаб, кичик илмий ходим, катта ўқитувчи, доцент, ўқув ишлари бўйича проректор лавозимларида ишлаган. 1992 йилда Тошкент шаҳрининг Мирзо Улуғбек тумани ҳокими лавозимига тайинланган, 1996–2001 йилларда Жиззах вилояти, 2001–2003 йиллар мобайнида Самарқанд вилояти ҳокими сифатида фаолият кўрсатган.
Ш.Мирзиёев 2003 йилда Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири этиб тасдиқланди ва 2005, 2010, 2015 йилларда Олий Мажлис палаталари томонидан ушбу лавозимга яна уч марта қайта тасдиқланди.
2016 йил сентябрида Ўзбекистоннинг биринчи президенти Ислом Каримов вафотидан кейин вақтинча давлат раҳбарига айланди, 2016 йилнинг октябрида Ўзбекистон Либерал-демократик партияси томонидан президентлик учун сайловга номзод сифатида кўрсатилди, 4 декабрь куни ўтказилган сайловда мутлақ устунликка эришиб (88,61 фоиз овоз), Ўзбекистон Республикаси президентига айланди.
Янги президент лавозимга киришгач, узоқ вақт кутилган ислоҳотлар ўтказа бошлади, аввалги эпохадаги йирик амалдорларнинг коррупцион жиноятлари фош этила бошланди. Президент ташаббуси билан 2017 йил «Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили» деб аталди, йил давомида давлат ташкилотлари «Халқ давлат идораларига эмас, балки давлат органлари халққа хизмат қилиши керак» шиори остида ишлай бошлади, президент ва халқ қабулхоналари очилиб, мурожаатлар асосида одамларнинг муаммолари ҳал этиб берила бошлади.
Шавкат Мирзиёев президентлиги даврида ижтимоий-иқтисодий масалалар билан бир қаторда таълим, фан, соғлиқни сақлаш тизимларини замонавий талаблар асосида ривожлантириш, ёшларнинг соғлом ва баркамол бўлиб вояга етишлари учун муносиб шарт-шароитлар яратиш, оналик ва болаликни кучли муҳофаза қилиш устувор вазифа сифатида муҳим ўрин эгаллади. Хусусан, энди ўқувчи ва талабалар, ўқитувчилар мажбурий меҳнатга жалб этилиши тақиқланди, педагогларнинг ойлик маошлари миқдорини ошириш бўйича топшириқлар берилди.
Ташқи сиёсатда эса республиканинг янги раҳбарияти барча билан муроса қилиш йўлидан кетмоқда. Шавкат Мирзиёев президентлигининг илк ҳафталариданоқ қўшни республикалар билан алоқаларни тиклашга киришиб, Марказий Осиё тарихида янги даврни очиб берди. Ўзбекистон Шарқ билан ҳам, Ғарб билан ҳам, Россия билан ҳам, АҚШ билан ҳам бирдек муносабат олиб боришга ҳаракат қилмоқда.
«Kun.uz» таҳририяти мамлакат президентини таваллуд айёми билан муборакбод этиб, унга соғлик ва саломатлик, олдинга қўйилган мақсадлар, бошланган ислоҳотлар рўёбига эришиш йўлида куч-қувват тилайди. Эл тинчлиги, юрт фаровонлиги, мамлакат равнақи йўлида асло чарчаманг, жаноб Президент!
Мавзуга оид
18:33 / 05.02.2024
Президент Париж-2024 ўйинларидаги натижалар тарихдаги энг яхшиси бўлиши учун зарур чоралар кўришни буюрди
18:30 / 05.02.2024
Дорилар бепул ажратилса-да, беморлар уларни дорихонадан 10 баробар қиммат сотиб олмоқда — президент
18:13 / 05.02.2024
Ҳар бир она ва бола ўлими фавқулодда ҳолат сифатида баҳоланади — президент
14:13 / 05.02.2024