Ўзбекистон | 12:07 / 24.07.2018
5371
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонлик ҳарбийлар «Халқаро армия ўйинлари-2018»нинг 13 йўналишида иштирок этади

Москва шаҳридаги «Салют» cавдо-меҳмонхона комплексининг мажлислар залида «АрМИ—2018» Халқаро армия ўйинларига бағишланган конференция бўлиб ўтди, деб хабар қилмоқда Мудофаа вазирлиги матбуот хизмати.

Фото: Мудофаа вазирлиги матбуот хизмати

 Ушбу конференцияда мусобақада иштирок этиш учун Москвага етиб борган Ўзбекистон Мудофаа вазирлиги, шунингдек, бошқа давлатлар жамоаларининг вакиллари иштирок этди. Анжуманда бош ҳакам генерал-майор Александр Перязов мусобақа иштирокчилари таъминоти, мусобақаларни ўтказиш тартиблари ва талаблари, ҳакамларнинг иш юритиш услуби, иштирокчиларнинг бўш вақтларида ташкиллаштирилиши мўлжалланган маданий-маърифий тадбирлар ҳақида сўз юритди. 

Фото: Мудофаа вазирлиги матбуот хизмати

Иштирокчилар ўзларини қизиқтирган саволларга ташкилотчилар томонидан жавоблар олди. 

Жорий йилда ўзбекистонлик ҳарбий хизматчилар жами 27 йўналиш бўйича бўлиб ўтадиган «Халқаро армия ўйинлари—2018»нинг 13 йўналишида, хусусан, «Қўшин разведкаси аълочилари», «Ельбрус ҳалқаси», «Содиқ дўст», «Йўл патрули», «Мерганлик марраси», «Хавфсиз маршрут», «Артиллерия устаси», «Қуролсоз уста», «Мусаффо осмон», «Ҳарбий ралли», «Ҳарбий-тиббий эстафета», «Дала ошхонаси», «Ҳамдўстлик жангчиси» йўналишларида иштирок этади.

Фото: Мудофаа вазирлиги матбуот хизмати

Эслатиб ўтамиз, ўтган йил ўтказилган «АрМИ—2017» III Халқаро армия ўйинларида Ўзбекистон Мудофаа вазирлиги вакиллари илк маротаба 8та йўналишда қатнашиб, 5та совринли ўринни қўлга киритган эди.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид