09:49 / 25.07.2018
19274

Депутат: "Дарахтхўр" манқуртлар бизда қандай кўпайиб кетди?

Фото: Facebook/УзА

Халқ депутатлари Учтепа туман кенгаши депутати, ЎзЛиДеП депутатлик гуруҳи раҳбари ўринбосари Нуриддин Зайнитдинов ўзининг Facebook‘даги саҳифасида  дарахтларни кесиб, пуллаётган мансабдорлар ҳақида гапирди.

«Бу ваҳшийлик кўп кўтарилди ва гапирилди. Лекин фақат ваъдалар ва қуруқ гаплар бўлди... 

200 йиллик чинорни кесиб 46 млн сўм жарима тўлатиш, менимча кулгили ҳолат. 200 йиллик чинор нималарни кўрмаган? 

Охирги 100 йилда ҳам бунчалик дарахтлар кесиб ташланмаган. 

1 куб.м. чинорни $800-$1000 АҚШ долларига пуллаётган виждонсиз, манқурт юртдошларимиз ва уларга паноҳкор бўлган мансабдорлар-у, улардан мебель тайёрлаб сотаётган инсофсиз тадбиркорлар, уларни мебелини сотиб олиб, ҳашаматли уйини безатаётган бойларимиз...

Қачон инсофга келасизлар?

Бутун чинорлару-дарахтларни битта қўймай қириб, йўқ қилиб, сотиб юбормагунингизгачами?!

Бу дарахтларни, чинорларни сиз экмагансиз-ку, тагига бир челак сув қуймагансиз-ку, Сизда на маънавий ва моддий ҳуқуқ йўқ дарахтларни тақдирини ҳал этишга, кесишга, пуллашга...

Чинорларни ва бошқа дарахтларни кесганлик ёки нобуд қилганлик учун 15 йилгача қамоқ жазосини, 1000 дона дарахт кўчатини экиш, 1 йилга чўлга саксовул экиш мажбурий жазосини бериш керак.

Жазони кучайтириш, лозим бўлса, прокуратура тизимида махсус инспекция тузилса, шу масала билан шуғулланса мақсадга мувофиқ бўлади.

Бу масалада Ўзбекистон Республикаси Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси ва Ўзбекистон экологик ҳаракатининг олиб бораётган фаолияти умуман талабга жавоб бермайди. Шунча минглаб дарахтларнинг нобуд қилинишига шу икки ташкилот вакиллари виждонан жавоб беришлари лозим», - деб ёзган депутат.

Top