Кеча, 25 июль куни Самарқанд шаҳридаги Мирзо Бедил кўчасида бўёқлари ўчиб кетган пиёдалар ўтиш жойи ва синиб ётган йўл белгиси ҳақида «Болалар серқатнов йўлдаги «зебра»ни бўр билан қайта тикламоқчи бўлишди» сарлавҳаси остида репортаж эълон қилган эдик.
Самарқанд вилоят ИИБ ЙҲХБнинг Kun.uz’га маълум қилишича, мазкур чорраҳадаги ётиқ чизиқлар (зебра) қайтадан чизилган ва 1 дона етишмаётган 5.16.2 «Пиёдалар ўтиш жойи» йўл белгиси ўрнатилган.


Шунингдек, мазкур кўчадаги яна иккита кичик чорраҳадаги пиёдалар ўтиш жойи ётиқ чизиқлари ҳам қайта тикланган.

Албатта, муаммоли ҳолат зудлик билан бартараф этилгани қувонарли ҳол. Лекин йўлларда пиёдалар хавфсизлигини таъминлаш борасида Самарқанд вилоят ИИБ ЙҲХБдан тизимли ва самарадорлиги юқорироқ ишлар амалга оширилиши талаб қилинади. Буни хабар остига шарҳ ёзган самарқандликларнинг фикрларидан ҳам билиб олса бўлади.
Масалан, мана шу кўчанинг юқорироғида Самарқанд таянч тиббиёт коллежи, ундан сал тепароқда Вилоят перинатал маркази олдидаги йўловчилар ўтиш жойининг ҳам бўёқлари ўчиб ётибди, у жойларда ҳам пиёдаларнинг йўлни кесиб ўтишида муаммолар юзага келмоқда ва аминманки, у ердаги «зебра»лар бўяб қўйилмаган.
Хуллас калом, бундай бўёғи ўчган пиёдалар ўтиш жойи шаҳарда жуда кўп. Модомики, уларнинг барчасининг бўёғи янгилаб чиқилса ҳам биринчи ёмғиргача чидаб беради, холос. Илк ёмғир ёғиши билан йўлдаги оқ буёқ ўчади, бу ёғи куз, қиш, баҳорнинг ёғин-сочинли кунларигача яна ўша аҳволга дуч келамиз.




















