Ўзбекистон | 12:28 / 26.07.2018
4469
3 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда онкологик дори воситалари ва гемодиализ учун буюмлар ишлаб чиқарилади

Фото: KUN.UZ

Ўзбекистон ва Беларусь тиббиёт маҳсулотлари ишлаб чиқариш бўйича қўшма корхона ташкил этмоқчи экани хабар қилинганди.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги хабарига кўра, вазир Алишер Шодмонов билан “Белфармпром” холдинг компанияси бош директори Валерий Шевчук ва Беларусь Республикасининг нуфузли фармацевт мутахассислари иштирокида бўлиб ўтган учрашувда шундай келишувга эришилди.

Маълумки, онкологик касалликлар бугунги кунда бутун дунёда инсон саломатлигига жиддий таъсир этаётган долзарб тиббий-ижтимоий муаммолардан биридир. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг маълумотига кўра, бундай касалликларга чалиниш кўрсаткичи йилдан-йилга ўсиб бормоқда. Дунёда ҳар йили 16 миллионга яқин бирламчи саратон ҳолати аниқланади. Жумладан, Ўзбекистонда ҳам 100 мингдан ортиқ бемор онкологик касалликлар бўйича ҳисобда туради. Бундай беморларга самарали тиббий ёрдам кўрсатишда замонавий тиббий препаратларнинг ўрни беқиёс.

Соғлиқни сақлаш вазирлигининг “Белфармпром” холдинг компанияси билан ҳамкорлиги ана шундай долзарб тиббий-ижтимоий масалаларни самарали ҳал этиш, инсон саломатлигини асраш ва тиббиёт ривожи йўлида муҳим қадам бўлди.

Айтиш жоизки, “Белфармпром” жаҳон фармацевтика саноатида етакчи ишлаб чиқарувчилардан бири бўлиб, бугунги кунда мазкур холдинг компания таркибидаги корхоналар ўз маҳсулотини дунёнинг ўттиздан зиёд давлатига экспорт қилмоқда. Эндиликда мазкур компания билан ҳамкорликда юртимизда онкологияда қўлланиладиган замонавий тиббий препаратлар ишлаб чиқаришга ихтисослашган қўшма корхона ташкил этишга келишилди. Ўзаро мулоқотларда беларуслик мутахассислар мамлакатимиз қимматли табиий хомашё базасига бойлиги ҳамда тармоқлараро саноат кооперацияси яхши йўлга қўйилгани хорижий инвесторлар учун жуда катта қулайлик яратишини таъкидладилар. 

Яна бир муҳим лойиҳа – гемодиализ буюмлари ва сарфлаш материаллари ишлаб чиқариш борасидаги келишув бўлди. Гемодиализ – буйрак вазифасини бажарувчи даво муолажаси бўлиб, буйрак хасталигига чалинган беморлар ҳаётини асрашда бу усул муҳим рол ўйнайди. Бугунги кунда мамлакатда бу хизмат йўлга қўйилган ва замон талабидан келиб чиқиб такомиллаштириляпти.

Учрашувда шунингдек, тиббиёт олий ўқув юртлари ва ихтисослаштирилган илмий-амалий тиббиёт марказлари ўртасидаги ҳамкорлик алоқаларини янги босқичга кўтаришга қаратилган икки томонлама шартномалар имзоланишига ҳам келишиб олинди.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид