Давлат хавфсизлик хизмати ва Ички ишлар вазирлиги ходимларининг ҳамкорликда ўтказган тезкор тадбирлари натижасида Тошкент шаҳридаги банклардан биридан катта миқдордаги пулни ўғирлаш учун чет элдан келган гуруҳ фаолиятига чек қўйилди. «Ўзбекистон» телеканалида ушбу ҳодиса тафсилотларига бағишланган кўрсатув намойиш этилди.
Аниқланишича, мазкур гуруҳ асосан турли давлатлардаги банкларни ўмариш билан шуғулланиб келган. Хусусан, 2015-2018 йилларда 50дан ортиқ жисмоний шахснинг банкларда сақланаётган 3,5 миллион АҚШ доллари атрофидаги пуллари айнан ушбу гуруҳ аъзолари томонидан устомонлик билан ўғирлаб кетилган. Россия, Украина, Беларусь, Молдова, Македония каби давлатларнинг айрим банк муассасалари ҳимоя тизимлари уларнинг олдида ожизлик қилган.
1975 йили Украинада туғилган, АҚШ фуқароси ҳисобланган Алекс Ставко гуруҳга бошчилик қилиб, керакли мутахассисларни ёллаш, ишларни тақсимлаш ва топшириқлар бериш билан шуғулланган.

Македониядаги банкларнинг бирида амалга оширилган ўғирликдан сўнг, гуруҳ аъзолари Туркиянинг Истанбул шаҳрида учрашишади ва кейинги нишон сифатида Ўзбекистон пойтахти Тошкент шаҳри танланади.
1970 йилда Украинада туғилган, Украина фуқароси бўлган Владислав Буц калит ясаш бўйича мутахассис. У Истанбулдаги учрашувда Алексдан керакли топшириқни олгач, Тошкентга учиб келади.

Гуруҳ аъзоларининг мақсади Тошкентдаги банкларнинг бирида мижозларга тегишли шахсий қутичаларда сақланаётган пулларни қалбаки калитлар ёрдамида ўғирлаш бўлган. Бунинг учун аввалига банк биноси кўздан кечирилган. Сўнгра гуруҳ аъзоларининг бири банк хизматидан фойдаланиш баҳонасида валюта ҳисобрақами очган. Иккинчиси эса ижарага депозит қутича олган.
1975 йилда Украинада туғилган, Украина фуқароси бўлган Вячеслав Шереметнинг вазифаси банк қутиларининг қулфларини тасвирга олиш бўлган.

Ўғрилик режалаштирилган банкда ўз қутисини текшириш баҳонасида 18 марта мижозлар қутилари сақланадиган хонага кириб чиққан ва 140та қутичанинг пултини махсус видеокамерага муҳрлашга улгурган.














